Эркин Мадорбекович Муҳитдинов Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги директори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди, дея аниқлик киритди Экология вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га. Бу ҳақда аввалроқ ЎзА хабар берганди.

Бунгача бу лавозимни 2017 йил май ойидан бери (илгари Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, кейин эса Ўрмон хўжалиги агентлиги) Низомиддин Бакиров эгаллаб келаётганди.

Эркин Муҳитдинов бир ой аввал, 2024 йил 2 декабрда Экология вазирлигининг Ўрмон, биохилмахиллик ва экотуризм сиёсатини юритиш департаменти бошлиғи этиб тайинланганди.

Эслатиб ўтамиз, у 15 октябрь куни ишдаги фаолиятидаги камчиликлар ва соҳадаги ишлар қониқарсиз олиб борилаётгани учун Тошкент вилояти ҳокимининг молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилганди. У ушбу лавозимда беш ой ишлаган, бунга қадар эса 2023 йил август ойидан Оҳангарон тумани ҳокими лавозимида фаолият олиб борган.

Эркин Муҳитдинов 1976 йилда туғилган. Андижон иқтисодиёт ва бошқарув институтини (1997), Банк-молия академиясини (2000), Япониянинг Ривожланаётган иқтисодиётлар институти IDEAS-JETRO олий мактабини (2007) тамомлаган.

Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, «Туронбанк», Марказий банк ва Вазирлар Маҳкамасида турли лавозимларда ишлаган. 2017−2022 йилларда Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари, 2022−2023 йилларда камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг ўринбосари лавозимларида ишлаган.