Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини янги — 2025 йил билан табриклади.
Жаҳондаги мураккаб вазиятга қарамасдан, ўтаётган йил мамлакат учун қутли ва баракали бўлди. «Меҳнаткаш халқимизнинг фидокорона меҳнати, сиёсий-ижтимоий фаоллиги билан Янги Ўзбекистон ғояси реал воқеликка айланмоқда», — деди давлат раҳбари.
У Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга сайловлар, янги лойиҳалар ишга туширилгани, аҳоли даромадлари ва турмуш сифати ошгани, янги уй-жойлар қурилгани, спортчиларнинг Олимпия ва Паралимпия ўйинларида эришган ютуқлари, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ортиб бораётганини таъкидлади.
«Ҳеч шубҳасиз, буларнинг барчаси диёримиздаги барқарорлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик натижасидир», — дея таъкидлади президент ва «бунёдкор халқимизга ҳалол меҳнати, она юртга садоқати учун» миннатдорлик билдирди.
Шавкат Мирзиёев 2025 йил Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили деб эълон қилинганини эслатиб, «Асосий мақсадимиз инсон ва табиат мувозанатига асосланган тизим яратишдир», — деди.
«Янги йилда бизнес учун янада кенг имкониятлар яратилади. Хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш ишларини қатъий давом эттирамиз», — деди президент.
«Ижтимоий соҳалар, иш ҳақи, пенсия ва стипендиялар, нафақалар миқдорини ошириш эътиборимиз марказида бўлади. Фарзандларимизнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгалари, баркамол бўлиб тарбия топишлари учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. Илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, спорт соҳаларига эътибор янада кучайтирилади», — деди у.
«Фахрийлар, хотин-қизлар ва ёшларга ғамхўрлик қилиш, ижтимоий ҳимоя самарасини ошириш» устувор вазифа бўлиб қолади. «Қуролли Кучлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлаш» борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилади.
«Мухтасар айтганда, „Инсон қадри учун, инсон бахти учун!“ деган олижаноб мақсадни барчамиз биргаликда амалга оширамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.