Ўзбекистон 2024 йилда илм, фан, маданият, санъат ва спорт соҳаларининг кўплаб таниқли вакилларидан айрилди, бир қатор сиёсат ва жамоат арбоблари вафот этди. «Газета.uz» уларнинг номини яна бир бор ёдга олади.
Актёр Турғун Азизов (1934)
Ўзбекистон халқ артисти, актёр ва режиссёр Турғун Азизов 2024 йил 22 январь куни 90 ёшида оламдан ўтди. У, энг аввало, «Мафтунингман» фильмидаги роли билан танилган эди. Шунингдек, Турғун Азизов фаолияти давомида «Одамлар орасида ёлғиз», «Ҳаёт тунда ўтиб кетди», «Оловли йўллар», «Қабрдан қайтган умр», «Нодирабегим» каби кўплаб фильмларда роллар ижро этган.
Театр саҳнасида эса актёрлик билан бир қаторда 15 дан ортиқ спектаклларни режиссёр сифатида саҳналаштирган.
Актёр Аброр Турсунов
Актёр ва режиссёр Аброр Турсунов 2024 йилнинг 8 февраль санасида вафот этди. У «Чинор остидаги дуэль», «Суюнчи», «Абдуллажон», «Ким жинни», «Аёллар салтанати» каби фильмлардаги ажойиб роллари билан танилган эди. Айниқса, «Кулол ва хурмача» фильмидаги роли билан халқ хотирасидан ўчмас ўрин олганди.
Аброр Турсунов 2019 йил «Дарё» нашрига берган интервьюсида сўнгги йилларда оғир дард билан курашгани ҳақида гапирган. У инсульт бўлгани, бўйнининг икки томонидан томир олдиргани, буларнинг бари нотўғри овқатланиш ва сиқилишдан келиб чиққанини маълум қилганди.
Клипмейкер Жасур Шаметов (1985)
Таниқли клипмейкер, кўплаб бадиий филмларда оператор ва режиссёр сифатида ишлаган Жасур Шаметов 2024 йилнинг 10 февралида ҳаётдан кўз юмди. У ижоди давомида «Зарб», «Гуноҳ», «Пойма-пой», «Садоқат», «Қалбаки дунё», «Аччиқ ҳаёт», «Қалбим ўғриси» каби бир қанча бадиий фильмларда операторлик, «Маҳаллада нима гап» мусиқий-комедик фильмида режиссёрлик қилган.
Шунингдек, у Райҳон, Лола, Шоҳруххон, Муниса Ризаева, «Афруз» ва ўзбек эстрадасининг бошқа ижодкорлари учун ўнлаб клиплар суратга олган.
Қаландар бахши (1951)
Кўп йиллар «Авазхон» фольклор этнографик халқ ансамбли бадиий раҳбари бўлиб ишлаган Рўзимбой Норматов 2024 йилнинг 1 март куни вафот этди. Қаландар бахши тахаллуси билан ижод қилган хонанда 73 ёшда эди. Хоразм бахшичилик, достончилик мактабининг йирик намояндаларидан бири ҳисобланган Рўзимбой Норматов «Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам», «Тоҳир ва Зуҳра», «Ошиқ Маҳмуд», «Саётхон ва Ҳамро», «Гўрўғли» достонлари туркумига кирувчи «Базирён», «Авазхон», «Хирмондал» каби достонларни куйлаш билан бирга, ҳозирги давргача фақат мазмуни орқалигина маълум бўлган қадимий «Юсуф Аҳмад» достонининг қайта тикланиб, ижро этилишига муносиб ҳисса қўшганди.
У 2001 йилда «Ўзбекистон халқ бахшиси» унвони билан тақдирланганди.
Бошловчи ва актёр Олим Ҳожишарипов (1966)
Таниқли телебошловчи ва актёр Олим Ҳожишарипов 2024 йил 19 март куни 58 ёшида вафот этди. У бир неча йиллардан бери саратон билан курашиб келаётганди. У ҳажвий «Гап йўқ. Маслаҳат» кўрсатувидаги фаолияти билан элга танилган эди.
Шоир ва ёзувчи Раим Фарҳодий (1942)
Болалар шоири ва ёзувчиси Раим Фарҳодий 2024 йил 4 апрель куни 82 ёшида вафот этди. У болалар учун 50 дан ортиқ шеърий ва насрий асарлар ёзганди. Раим Фарҳодий вафотига қадар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Русийзабон адабиёт кенгаши раиси, «Булоқча» журнали бош муҳаррири сифатида ишлади. У ўзбек болалар шеъриятидан намуналарни, шунингдек, Навоий ва Бобур ғазалларини рус тилига ўгирган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими фахрий унвони ва «Дўстлик» орден билан мукофотланган эди.
Шоир Эркин Самандар (1935)
2024 йил 13 апрель куни Урганчда Ўзбекистон бош вазирининг собиқ ўринбосари (1990−1993), журналист, ёзувчи, шоир ва драматург Эркин Самандар 89 ёшида вафот этди. У «Осмоннинг тош тулпори», «Олтин сандиқ», «Эрк садолари», «Ишқий мактублар» ва бошқа 100 дан ортиқ қўшиқ ҳамда бир қанча достонлар муаллифи ҳисобланади. Шунингдек, «Дарёсини йўқотган кирғоқ» (1988), «Тангри қудуғи» (1994) ва бошқа романлар муаллифидир ёзган. Эркин Самандар 1989 йили «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист» фахрий унвони, 2019 йили эса «Дўстлик» ордени билан мукофотланган эди.
Актёр Машраб Кимсанов (1955)
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Машраб Кимсанов узоқ давом этган хасталикдан сўнг 2024 йил 2 май куни 69 ёшида вафот этди. У «Водиллик келин», «Оловли йўллар», «Отамдан қолган далалар», «Масхарабоз», «Умид», «Зебузар», «Ҳаёт-мамот», «Ҳақиқий эркаклар ови», «Сеҳрли қалпоқча», «Онагинам орзуси» каби ўнлаб фильмлардаги катта ва кичик роллари томошабинлар меҳрини қозонган эди. Шунингдек, у «Тоғлик куёв» фильмида постановкачи режиссёр сифатида ишлаган.
Машраб Кимсанов 1999 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирланган эди.
Чори бахши (1938)
Ўзбекистонлик халқ бахшиси Чори бахши Умиров 2024 йил 4 май куни 86 ёшида вафот этди. Ҳаётининг 50 йилдан ортиғини овози ва сози билан халққа хизмат қилиш билан ўтказган бахши сўнгги йилларда Сурхондарёнинг Шеробод туманидаги достончилик мактаби ўқувчиларига устозлик қилиб келаётган эди.
«Камолон ош» маркази асосчиси Саъдулло Саидов (1983)
Тошкентдаги «Камолон ош» овқатланиш тармоғи асосчиси Саъдулло Саидов 6 май куни 41 ёшида вафот этди. Маълумотларга кўра, у Таиланд сафари вақтида чўкиб кетган. Тармоқ асосчиси ва раҳбарининг вафоти муносабати билан «Камолон ош» уч кун — 7, 8 ва 9 май кунлари фаолиятини вақтинча тўхтатди.
Актриса Малика Қаюмова (1954)
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Муқимий номидаги мусиқали театри актрисаси Малика Қаюмова 2024 йил 14 июнь куни 70 ёшида вафот этди. У театрда саҳналаштирилган 30 дан ортиқ спектаклларда бош қаҳрамон роллари ва характерли образларни юксак маҳорат билан ижро этган эди. Жумладан, унинг «Тақдир»даги амма, «Девона»даги она, «Фотима ва Зуҳра»даги она, «Алпомиш»даги Кунтуғмиш, «Пари қишлоқ»даги она, «Ўлдинг, азиз бўлдинг»даги она, «Хонума»даги Текле, «Тошкентнинг нозанин маликаси»даги Хайри, «Суперқайнона-2»даги Ҳожар, «Ой онам-қайнонам»даги Қумри, «Қизи борнинг — нози бор»даги қуда образлари юқори баҳоланган.
Дипломат Виталий Фен (1947)
Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси Виталий Фен 2024 йил 18 июнь куни 77 ёшида вафот этди. У Жанубий Кореяда 25 йил Ўзбекистон элчиси сифатида ишлади. Дипломат «Фидокорона хизматлари учун» ва «Меҳнат шуҳрати», шунингдек, Жанубий Кореянинг «Гвангхва» орденлари билан тақдирланган. 2005 йилда Сеулнинг фахрий фуқароси унвонини олган.
Операчи Фирудин Сафаров (1933)
Ўзбекистон ва Озарбайжон халқ артисти, режиссёр, опера устаси Фирудин Сафаров 2024 йил 26 июль куни 91 ёшда вафот этди. Ўзбекистон Маданият вазирлиги марҳум ижодкорни «опера театр санъатида ўзига хос ўчмас из қолдирган ноёб истеъдод эгаси, ўз касбига садоқатли ва фидойи санъаткор» сифатида хотирлади.
Дорбоз Турсунали Мамажонов (1949)
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли дорбоз Турсунали Мамажонов 2024 йил 28 июль куни 75 ёшида вафот этди. У «Водил чинори» халқ дорбозлик жамоаси бадиий раҳбари, Фарғона вилояти ҳайвонот боғи ташаббускори, фахрий эколог сифатида ҳам танилган эди.
Футбол фахрийси Сайфиддин Эрматов (1953)
Футболчи, мураббий, ҳакам ва назоратчи сифатида сифатида ишлаган ва танилган Сайфиддин Эрматов 2024 йил 14 август куни 71 ёшида вафот этди. Ёшлигида «Пахтакор» (Тошкент), «Спартак» (Андижон) ва «Автомобилчи» (Термиз) жамоаларида тўп сурган Сайфиддин Эрматов футболчилик фаолиятини якунлагач, «Пахтакор» болалар-ўсмирлар спорт мактабида мураббий бўлиб ишлаган. Кейинчалик футбол ҳаками ва инспектори сифатида меҳнат қилган. У таркибида Сервер Жепаров, Шуҳрат Мирхолдиршоев, Ярослав Крушельницкий, Юрий Никитков каби иқтидорли футболчиларни жамлаган 1982−1983 йилда туғилган футболчилардан иборат Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасини ҳам бошқарган.
Академик Беҳзод Йўлдошев (1945)
Фанлар академияси президенти, физик олим, профессор Беҳзод Йўлдошев 2024 йил 28 август куни 79 ёшида оламдан ўтди. Унинг илмий ишлари юқори энергиялар физикаси, ядровий физика ва элементар зарралар физикасига оид эди. У Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ)да илмий маслаҳатчи бўлиб ҳам ишлаган. Беҳзод Йўлдошев биринчи марта нейронлар (лептонлар) ва юқори энергияли адронларнинг ядролар билан ўзаро таъсирида кварк адронланишнинг ягона механизми мавжудлигини тажриба йўли билан исботлаган эди.
Рассом Владимир Бурмакин (1938)
Рассом, Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, «Фидокорона хизматлари учун» ордени соҳиби Владимир Бурмакин 2024 йил 31 август 87 ёшида вафот этди.
Бойсун мадоннаси
У жаҳонга машҳур кўплаб суратлар (жумладан, «Бойсун мадоннаси») ва Тошкентдаги монументал паннолар («Пахтакор» метро бекати, «Халқлар дўстлиги» саройи ва бошқалар) муаллифи эди.
Хонанда Бобомурод Ҳамдамов (1940)
Ўзбекистон, Туркманистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов 2024 йил 2 сентябрь куни 84 ёшида вафот этди. У ўзбек миллий қўшиқчилик санъатининг ривожланишида салмоқли ҳисса қўшиб, бир қанча ўлмас асарлар яратган ва томошабинлар олқишига сазовор бўлган эди.
Унинг «Султон Жалолиддин», «Ким экан», «Девона», «Галдиму», «Қўрқдим» каби қўшиқлари айниқса машҳур эди.
Бастакор Мусахон Нурматов (1968)
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли бастакор Мусахон Нурматов 2024 йил 9 сентябрь куни 56 ёшида вафот этди. У 1990 йиллар охири — 2000 йиллар бошида ўзбек миллий этрадасида куйланган юзлаб қўшиқлар мусиқаси муаллифидир.
Бастакор Озодбек Назарбековнинг «Яна соғиндим, яна», «Мени севиб қолсайдинг», «У гўзал бошқа» «Оҳ, мани Ватаним бу», Абдурашид Йўлдошевнинг «Хабаринг йўқ», «Сарбон» гуруҳининг «Қизми бу, кийикми бу», Мансурхон Нурматовнинг «Даврага тушган гўзал», Адҳам Солиевнинг «Келин бўлиб кетар бўлдинг, Лайло» каби қўшиқлари учун мусиқа ёзиб берган.
Шоира Бибисора Туробова (1952)
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Бибисора Туробова 2024 йил 15 сентябрь куни 72 ёшида вафот этди. Унинг 10 га яқин шеърий китоблари чоп этилган, шунингдек, Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари, меҳрибонлик уйи директори лавозимларида ишлаган эди.
Бибисора Туробовани 2011 йили ёзилган «Ўлсам, жанозамни булбул ўқисин» шеъри айниқса машҳур қилиб юборган эди.
Режиссёр Шавкат Маҳбубов (1942)
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, кино ва телевидения режиссёри Шавкат Махбубов 2024 йил 22 сентябрь куни 82 ёшида вафот этди. У узоқ йиллар телевидение ва Мудофаа вазирлиги тизимида турли лавозимларда ишлаган, 10 дан ортиқ ҳужжатли фильмлар, қўп қисмли «Сардор», «Сардор-2» ва «Муқаддас бурч» телесериалларини суратга олган эди.
Жамоат арбоби Камола Маҳмудова (1976)
2024 йил сентябрида асли ўзбекистонлик, Европа Тикланиш ва тараққиёт банкининг Озарбайжондаги ваколатхонасининг собиқ раҳбари, Ўзбекистонда кўплаб ижтимоий лойиҳаларни амалга оширган жамоат арбоби Камола Маҳмудова узоқ давом этган хасталикдан сўнг Лондонда вафот этгани маълум бўлди.
Камола Махмудова «Газета.uz»нинг «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси қаҳрамонларидан бири бўлганди. Икки йил аввал эълон қилинган интервьюсида у ҳаёти, банкдаги карьераси, оиласи ва кўплаб хайрия лойиҳалари, хусусан, Khan Academy таълим платформасини ўзбек тилида ишлаб чиқишга кўмаклашиш, саратон касаллигига чалинган болаларга ёрдам бериш ва Бухорода кўчат экиш ишлари ҳақида сўзлаб берганди. Шунингдек, у ҳақда махсус фильм ҳам суратга олинган эди.
У 2020 йили «Дўстлик» ордени билан мукофотланганди.
Бахшиқул бахши (1960)
Ўзбекистон халқ бахшиси, кўплаб республика ва халқаро танловлар ғолиб ва совриндори Бахшиқул бахши Тоғаев 2024 йил 15 октябрда 64 ёшида вафот этди.
Ўзбекистон қаҳрамони Аҳмад Нарзуллаев (1956)
Бутун ҳаёти ва меҳнат фаолиятини қишлоқ хўжалиги ривожига бағишлаган фермер, Ўзбекистон қаҳрамони Аҳмад Нарзуллаев 2024 йил 1 ноябрь куни 68 ёшида вафот этди. У 50 йилдан зиёд давом этган иш фаолияти мобайнида бой билим ва ҳаётий тажрибасини, куч-ғайратини эл-юрт ишига бағишлаган эди. Унинг вафоти муносабати билан президент Шавкат Мирзиёев ҳамдардлик йўллади.
Академик Темуржон Носиров (1941)
Электроэнергетик тизимларнинг режимларини таҳлили ва назарияси бўйича йирик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Темуржон Носиров 2024 йилнинг 12 ноябрь куни 83 ёшида вафот этди. У электроэнергетик тизимларнинг нормал ва авария режимларини комплекс таҳлил усулларини яратиш ва умумлаштириш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борган эди.
Актриса Зуҳра Турғунбоева (1950)
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Самарқанд вилоят мусиқали драма театри актрисаси Зуҳра Турғунбоева 2024 йил 21 ноябрда 74 ёшида вафот этди.
Актриса Ҳалима Ибрагимова (1979)
Комик актриса, «Мирзо» театри аъзоси Ҳалима Ибрагимова 2024 йил 7 декабрь куни 45 ёшида вафот этди. У саломатлигидаги муаммолар сабаб ижтимоий тармоқларда кўринмай қолган эди.
Ёзувчи Маҳкам Маҳмудов (1940)
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, филология фанлари номзоди, адиб ва адабиётшунос Маҳкам Маҳмудов 84 ёшда вафот этди. У «Бибихоним», «Шоҳлар маликаси», «Мовароуннаҳр юлдузи», «Султон Маҳмуд Ғазнавий», «Бойсунғур ибн Шоҳруҳ», «Имом Зайниддин Ғаззолий», «Мен — мен эмасман», «Тескари кўзлар сайёраси», «Сирли қаср», «Мангу куй излаб» сингари асарлар муаллифи, Аристотелнинг «Поэтика» рисоласи, Оноре де Бальзакнинг «Сағри тери тилсими» романи, Ҳанс Кристиан Андерсен эртаклари, Стефан Цвейгнинг «Куйган кўнгил фарёди» новеллалар тўплами (Ўткир Ҳошимов билан бирга), Оскар Уайлднинг «Юлдуздан тушган бола», «Садоқатли дўст» ҳикоялари ва бошқа асарларнинг ўзбек тилига таржимони эди. Маҳкам Маҳмудов 1998 йили «Эл-юрт ҳурмати» ордени мукофотланган эди.
Актёр Тўлқин Тожиев (1936)
Ўзбекистон халқ артисти, дубляж санъати устаси ва актёр Тўлқин Тожиев 2024 йил 13 декабрда 88 ёшида вафот этди. У «Ревизор», «Ҳамлет», «Қирол Лир», «Отелло», «Алишер Навоий», «Мирзо Улуғбек», «Сарвиқомат дилбарим», «Абу Али Ибн Сино» спектаклларида турли образларни яратган, «Маҳаллада дув-дув гап», «Алангали йиллар», «Беш оғайнилар», «Қора балиқ изи» каби фильмларида рол ижро этган.
Тўлқин Тожиев «Қилич ва қалқон», «Афоня», «Иван Васильевич касбини ўзгартиради», «Сиздан угина, биздан бугина», «Нофелет қаерда?», «Автомобилдан сақланинг», «Канонир Доласнинг саргузаштлари», «Садоқат», «Филлар менинг дўстларим», «Рам ва Шам» каби киноларга овоз берган. Бундан ташқари, радиода «Табассум» эшиттириши ва «Қармоқ» сатирик журналида ҳам чиқишлар қилган.
Тўлқин Тожиев 1988 йили Ўзбекистон халқ артисти унвони, 1997 йили эса «Дўстлик» ордени билан мукофотланган эди.
Актриса Шафоат Раҳматуллаева (1941)
Ўзбекистон театр ва кино санъати халқ артисти, театр ва кино актрисаси Шафоат Раҳматуллаева 2024 йил 24 декабрь куни 83 ёшида вафот этди. Педагогика соҳасида ўқиб, дастлаб мактабда бир йил ўқитувчи бўлиб бошланғич синфларга дарс берган Шафоат Раҳматуллаева 1963 йили Театр ва рассомчилик олийгоҳининг мусиқали драма факультетига ўқишга кирган.
Кўплаб спектакллар билан бир қаторда, Шафоат Раҳматуллаева «Масхарабоз», «Севгинатор», «Севгинатор-2», «Эр бермоқ — жон бермоқ», «Чашма», «Мафтун бўлдим», «Ўзимдан ўзимгача», «Фидойилар», «Пойга», «Сеҳрли қалпоқча», «Сариқ девни миниб», «Ҳоким бува» каби фильмларда ҳам роллар ўйнаган эди.
Шунингдек, 2024 йил давомида журналист Айжамал Жўлдасбаева, футбол фахрийси Владимир Штерн, журналист Бахтиёр Асадов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Зуҳра Олимжонова, Андижон шаҳри собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров, шоир ва драматург Бахшилло Ражаб, режиссёр Шамсиддин Қодиров, журналист Абдурауф Қоржовов, драматург Насрулло Қобилов, Қорақалпоғистон халқ артисти Кенгесбой Сержанов, турколог ва таржимон Рамиз Асқар, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Раҳмонбек Исломов, журналист ва собиқ ҳоким Назиржон Саидов, профессор Абдулаҳад Қаҳҳоров, суд фахрийси Машкура Сафаева, футболчи Сайриддин Ғаффоров, Шароф Рашидовнинг ўғли Илҳом Рашидов, шоир Мансур Жумаев, Файзулла Хўжаевнинг жияни — профессор Сулаймон Иноятов, дипломат Қодиржон Юсупов, футбол фахрийси Мухтор Ҳошимов, Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Авазбек Эргашев ва бошқалар ҳам вафот этди.