Россия президенти Владимир Путин ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бунда Россия томони ташаббус билан чиқди, деб хабар қилди Кремль матбуот хизмати.
Томонлар «25 декабрь куни Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида „Озарбайжон ҳаво йўллари“ авиакомпаниясининг йўловчи самолёти ҳалокатга учрагани билан боғлиқ масалаларни батафсил муҳокама қилди», дейилади хабарда.
«Владимир Путин Россия ҳаво ҳудудида фожиали ҳодиса содир бўлгани муносабати билан узр сўради ва ҳалок бўлганларнинг оилаларига яна бир бор чуқур ва самимий ҳамдардлик билдирди, жароҳат олганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади», — дейилади хабарда.
«Жадвалга қатъий риоя қилган Озарбайжон йўловчи ҳаво кемаси бир неча бор Грозний аэропортига қўнишга уринган. Ўша пайтда Грозний, Моздок ва Владикавказга Украина жанговар учувчисиз учиш аппаратлари ҳужум қилди ҳамда Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари бу ҳужумларни қайтарди», — дея аввалроқ турли манбаларда тарқалган хабарларни тасдиқлади Кремль.
Россия Тергов қўмитаси томонидан Жиноят кодексининг 263-моддаси (Ҳаво транспорти ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, фуқаро ва ҳарбий мутахассислар сўроқ қилинмоқда, дейилади хабарда.
Озарбайжон Бош прокуратурасининг икки ходими Грозний шаҳрида бўлиб, у ерда Бош прокуратура ва Россия Федерацияси Тергов қўмитаси вакиллари билан ҳамкорлик қилмоқда. Россия, Озарбайжон ва Қозоғистоннинг тегишли хизматлари Ақтау туманидаги фалокат жойида ҳам яқиндан ҳамкорлик қилмоқда, дея таъкидланади Кремль хабарида.