100 нафар фаластинлик ярадор аёллар ва болалар уларнинг ҳамроҳлари билан бирга Ўзбекистонга эвакуация қилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Мансурбек Қиличев Мисрнинг Ahram янгиликлар сайтига маълум қилди.
Ушбу эвакуация амалиёти икки давлатнинг Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамкорлигида президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилди, дейилади хабарда.
Қиличевнинг таъкидлашича, эвакуация қилинган фаластинликлар юртларига қайтгунларича Ўзбекистонда қолади. Ушбу бемор фаластинликлар даволаниш ва соғлиқларини қайта тиклаш учун реабилитация марказлари ва шифохоналарга жойлаштирилади, дея қўшимча қилди Қиличев.
Ўзбекистон ҳукумати уларга мамлакатда бўлиш даврида оиласининг барча эҳтиёжлари, жумладан, меҳмонхоналар, мактаблар, озиқ-овқат ва бошқа нарсалар билан таъминлайди.
Мансурбек Қиличевнинг тушунтиришича, Ўзбекистон президенти 2024 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган Фаластин масаласига бағишланган фавқулодда араб-ислом саммити олдидан сўзлаган нутқида Фаластин ҳудудларида ҳарбий операцияларни тўхтатиш ва хавфсиз гуманитар йўлакларни таъминлаш муҳимлигини таъкидлаб, Тошкент жароҳатланган фаластинлик болалар ва аёлларни даволаш учун қабул қилишга тайёрлигини маълум қилган.
«Биз Фаластин халқига амалий ёрдам кўрсатиш масалаларини келгуси йили Самарқандда ўтадиган „Кўрфаз араб давлатлари — Марказий Осиё“ саммитида ҳам муҳокама қилиш ниятидамиз», — деганди давлат раҳбари.
Ўтган йилнинг ноябрь ойида президент БМТнинг Яқин Шарқ агентлигига (UNRWA) Ғазо секторидаги фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш учун 1,5 миллион доллар ажратиш тўғрисидаги қарорни имзолаган.
Рафаҳ
Рафаҳ — Ғазо секторининг жанубидаги Миср билан чегарадош шаҳар бўлиб, уруш бошланганидан кейин анклавнинг шимолий ва марказий қисмларидан 1 миллиондан ортиқ фаластинлик қочқинлар бошпана топган.
«Рафаҳ» назорат-ўтказиш пункти Ғазодаги ягона қуруқлик йўли бўлиб, у орқали фаластинликлар Исроилни четлаб ўтиб, ташқи дунё билан боғланган. Гуманитар ёрдам назорат-ўтказиш пункти орқали етказилади ва Ғазо аҳолисининг ярадорлари эвакуация қилинади.
Исроил сўнгги бир неча ой давомида Рафаҳга қуруқлик ҳужумини бошлаш билан таҳдид қилган. Исроил расмийларига кўра, шаҳарда ўтган йилнинг 7 октябрида Исроилга қилинган ҳужум пайтида гуруҳ томонидан асирга олинган минглаб ҲАМАС аскарлари ва эҳтимол ўнлаб гаровга олинганлар яширинган.
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу ҳам ҲАМАС устидан ғалаба Рафаҳдаги операциясисиз бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлаган.
Исроилнинг Рафаҳдаги операциясига Ғарб ва араб давлатлари, шунингдек, халқаро гуманитар ташкилотлар тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонлар бўлиши мумкинлиги сабабли қарши чиққан.
Шу йилнинг май ойида Исроил танклари Ғазо секторининг жанубидаги Рафаҳ марказига кирди, шаҳарга, шунингдек, ҳаво ҳужумлари уюштирилмоқда. Исроил БМТ Халқаро суди мамлакатга ҳужумни зудлик билан тўхтатишга мажбур қилганига қарамай, Рафаҳда ҳарбий операцияни давом эттирди.