Афғонистоннинг Шарқий Пактика вилоятида сешанба куни Покистон армияси томонидан уюштирилган бомбардимон оқибатида камида 46 киши ҳалок бўлди, деб ёзмоқда Reuters.

Уларнинг аксарияти болалар ва аёллар эди, дея маълум қилди «Толибон» вакили бу ҳаракатларга нисбатан қасос олишга ваъда бериб.

Портлаш Афғонистоннинг тўртта ҳудудида содир бўлди, олти киши жароҳат олгани қўшимча қилинди.

«Афғонистон ушбу шафқатсиз ҳаракатни барча халқаро тамойилларнинг очиқдан-очиқ бузилиши ва тажовузкор ҳаракат деб билади. Ислом амирлиги бундай қўрқоқларча ҳаракатни жавобсиз қолдирмайди», — деди Миллий мудофаа вазирлиги матбуот котиби Энаятуллоҳ Хоразмий.

Покистоннинг юқори мартабали хавфсизлик ходими ҳаво ҳужумлари чегара бўйлаб «террорчилар яширинган жойларни» нишонга олганини айтди.

Покистон ўз давлатида содир бўлган бир қанча ҳужумлар Афғонистон тупроғидан бошланганини таъкидлайди — «Толибон» бу айбловни рад этади.

Март ойида «Толибон» Покистонни ўз ҳудудига иккита ҳаво ҳужуми уюштирганликда айблаганди, ўшанда беш нафар аёл ва бола ҳалок бўлган, бу икки давлатнинг муносабатларини янада мураккаблаштирган. Покистон Афғонистонда «разведкага асосланган аксилтеррор операцияларини» ўтказганини тан олган, аммо операцияларнинг моҳиятини аниқлаштирмаган.