Сешанба куни Термиз туманида контрабанда сигаретларининг рекорд партияси — 10,2 миллиард сўмлик салкам 750 минг қути йўқ қилинди. Акция вилоят божхона бошқармаси томонидан бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилди, деб хабар қилди Божхона қўмитаси матбуот хизмати.
Чегара орқали Ўзбекистон ҳудудига олиб ўтишга уринилган пайтда яроқлилик муддати ўтиб кетган сигаретлар божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан олиб қўйилган.
Жиноят ишлари бўйича Шеробод тумани судининг ҳукми билан жиноят содир этишда айбдор деб топилган фуқаро 5,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Суд ашёвий далил — сигаретларни йўқ қилишга қарор қилди.
Корхоналардан бирининг ҳудудида ўтказилган тадбирда сигаретлар махсус майдалагичда парчаланди.
Сурхондарё божхона бошқармаси томонидан 2023−2024 йилларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда умумий қиймати 55,5 миллиард сўмлик 3,2 миллион қути сигаретни ноқонуний олиб ўтиш бўйича 117 та ҳолат аниқланган.