Фарғона шаҳри Аҳмад Яссавий кўчасидаги портлаш содир бўлган автомобилларга пропан ва бензин қуйиш шохобчаси бузилмоқда, дея хабар берди вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси.
Қайд этилишича, заправка шохобча раҳбарининг ўз хоҳиш истагига кўра бузилмоқда ва у қайта фаолият кўрсатмайди.
«Бунинг асосий мақсади аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ҳамда келгусида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 17 декабрь куни Фарғона шаҳри марказидаги Petrolium автомобилларга пропан ва бензин қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлганди. Ҳолат 5 метр куб сиғимли контейнерга газ қуйиш жараёнида ёриқ келиб чиққани, оқибатда газ моддаси ташқарига сизиб чиққани ортидан рўй берган.
ИИБ хабарига кўра, ҳодиса оқибатида вафот этганлар сони 4 кишига етган. ФВБга кўра, тўрт киши жароҳатланган ва яна саккиз киши тиббий назорат остига олинган.
Ҳолат бўйича жиноий иш очилиб, 5 киши процессуал тартибда қамоққа олинган, 2 нафар шахсни ушлаш чоралари кўрилмоқда.
Ёқилғи қуйиш шохобчаси 2006 йилнинг август ойида рўйхатдан ўтган Farg`Ona Layli Naxor хусусий корхонасига тегишли бўлган. Унинг директори сифатида Мансуржон Холиқович Маткаримов, асосчиси эса Азизхўжа Усубхўжаевич Мавлонов кўрсатилган. Корхонанинг асосий фаолияти нотураржой биноларини ижарага бериш ва бошқаришдир.
Заправка Янгийўл маҳалласидаги турар-жой бинолари ёнида жойлашган. Унинг қандай қилиб турар-жой биноларига яқин жойда фаолият юритиши бўйича ҳозирча расмий изоҳ берилмади.
Аввалроқ вилоят ҳокимлиги портлашдан сўнг вилоятдаги барча ёқилғи қуйиш шохобчаларини ўрганиб чиқиш учун ишчи гуруҳ тузилгани ҳақида хабар берганди. Улар станцияларнинг саноат, ёнғин, экологик хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги ва қонунчиликдаги бошқа меъёрларни ўрганади. Заправкалар ходимлари ФВБ ўқув марказида ўқитилади.