Ушбу мақола дастлаб 2024 йил 30 сентябрда рус тилида эълон қилинган.

2023 йил декабрида ўқувчиларнинг таълимдаги ютуқларини баҳолашга қаратилган халқаро PISA дастурининг тадқиқот натижалари эълон қилинди. PISA доирасида 15 ёшли мактаб ўқувчиларининг билим ва кўникмалари таҳлил қилинади. 2022 йил натижаларига кўра, 18 та мамлакат Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИҲТТ) математика, ўқиш ва табиий фанлар бўйича ўртача кўрсаткичларидан юқори натижаларни қайд этди. 2018 йилдан 2022 йилгача ИҲТТ мамлакатларида математикадан ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи рекорд даражада — 15 бандга пасайди. Ўқиш кўрсаткичи 10 бандга тушди, бу аввалги рекорддан икки баравар кўп. Табиий фанлардан ўзлаштириш эса сезиларли даражада ўзгармади.

Кўплаб мамлакатларда мактаб ўқувчиларининг таълим кўрсаткичлари пасайиши кузатилган бундай беқарор даврда Япония, Жанубий Корея, Литва ва Тайвань ўз натижаларини сақлаб қолишга ёки яхшилашга эришди. Математика бўйича дунё жадвалида Сингапур етакчилик қилмоқда, ундан кейинги ўринларни Макао (Хитой), Тайвань, Гонконг (Хитой), Япония ва Жанубий Корея эгаллаган.

Улар бундай муваффақиятларга қандай эришди? Улардаги таълим тизимининг сири нимада? Бундай натижа педагогларнинг хизматими?

ИҲТТ Таълим ва кўникмалар бўйича департаменти раҳбари, PISA дастури куратори Андрис Шляйхер («Газета.uz» унинг интервьюсини эълон қилган эди) ўзининг «Жаҳон даражасидаги таълим. XXI асрда мактаб тизимини қандай қуриш керак?» китоби алоҳида бобини юқори ўзлаштириш кўрсаткичларига эга мактаб тизимлари бир-биридан нимаси билан фарқ қилиши, энг яхши ўқитувчиларни қандай топиш ва ушлаб туриш масалаларига бағишлаган.

Лекин, шу ўринда савол туғилади — энг яхши ўқитувчи ўзи ким? XXI аср педагоги — бу нимани ва нима учун ўқитаётганини чуқур ва кенг англайдиган; юқори академик натижаларга олиб келувчи таълим муҳитини яратадиган; тадқиқотчилик кўникмаларига эга, ўз-ўзини доимий ривожлантирадиган ва ўқувчиларга аъло даражадаги намуна бўлиб хизмат қиладиган мутахассисдир. Айниқса, XXI аср педагоги ҳамкорлик, режалаштириш ва рефлекция кўникмаларига эга бўлишини таъкидлаб ўтиш зарур.

Таълим тадқиқотчилари Томас Л. Гуд ва Элисон Лавин давримиз педагогларига хос баъзи муҳим хусусиятларни умумлаштириб, қуйидагиларни таъкидлайди: самарали ўқитувчилар ўз ўқувчиларининг ўрганишга ва ўзларининг дарс беришга қодир эканлигига ишонади; улар синфда ўтказаётган вақтининг кўп қисмини ўқитишга сарфлайди; кичик қадамларни бажаришга асосланган ўқув дастурининг жадал суръатидан фойдаланади; ўқитишнинг фаол усулларини қўллайди; ўқувчиларни ўрганилаётган фанни тўлиқ ўзлаштиргунига қадар ўқитади.

Жон Ҳэтти «Ўқитувчилар учун кўринадиган таълим» китобида замонавий ўқитувчилар эга бўлиши керак бўлган саккизта ментал йўналишни ажратиб кўрсатган:

  1. Муваффақиятли чиққан тақдирда, фойдаланишда давом этиш, муваффақиятсиз бўлса — бошқасини қўллаш. Ушбу йўналиш қуйидаги саволларга жавоб топишга ёрдам беради: «Бу усулнинг самарали эканлигини қандай биламан?», «Бу усулни бошқаси билан қандай таққослаш мумкин?», «Ўқитишга таъсир қилувчи ушбу омилнинг афзалликлари ва аҳамияти қандай?», «Таъсири қанчалик катта?», «Қандай далилларга таяниб ишонч ҳосил қилишим мумкин?»
  2. Педагог «Барча ўқувчилар етарлича мураккаб мақсадларга эриша олади», «Ўқувчилар ўртасидаги мулоқотни ривожлантириш таълимни яхшилашга ёрдам беради», «Танқидий фикрлаш қобилиятини ривожлантириш таълимни такомиллаштиради» каби ижобий қарашларга амал қилиши керак.
  3. Ўқитувчилар таълимни мослаштириш бўйича мутахассис бўлиб, ўқитиш ва ўрганишнинг турли стратегиялари ҳамда усулларини билади, ўз фаолиятида коучингдан фойдаланади.
  4. Тескари алоқа таълимга, шу жумладан, педагоглар таълимига энг кўп таъсир кўрсатувчи омиллардан биридир.
  5. Ўқитувчилар ва раҳбарлар ўзаро мулоқотдан фойдаланадилар.
  6. Улар қийинчиликларни енгиб ўтишдан қониқиш ҳосил қиладилар ва «Қўлимиздан келганини қиламиз» тамойили билан кифояланиб қолмайдилар.
  7. Уларда эмпатия ҳисси устунлик қилади.
  8. Улар ота-оналарга педагогика тилини ўзлаштиришга ёрдам берадилар.

Жаҳон тажрибаси

Финляндия. Паси Сальберг «Фин сабоқлари» китобида ёзишича, мактаб ўқитувчиси касби кенг оммалашган касблардан бўлиб, бу касбни фақат энг яхши ва мақсадга интилувчан ёшларгина эгаллашлари мумкин. Педагогика йўналишидаги олий ўқув юртига кириш учун ўрта мактабни битириб, имтиҳон топширишнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун иқтидорли, креатив, шижоатли, кўтаринки руҳ, аъло даражадаги мулоқот қобилиятига эга ва ўз ишига сидқидилдан ёндашадиган бўлиш лозим. Ўқитувчиларни тайёрлаш тадқиқотчилик ёндашувига асосланади. Бу эса Финляндияда ўқитувчиларни тайёрлаш дастурларида педагогика назарияси, тадқиқот усуллари ва амалиётнинг уйғунлиги муҳим рол ўйнашини англатади. Бу кейинчалик ўқитиш услубига, шунингдек, ўқувчиларда тегишли кўникмаларни ривожлантиришга ҳам таъсир кўрсатади.

PISA 2022 тадқиқоти натижаларига кўра, финляндиялик ўқувчилар математика, ўқиш ва табиий фанлар бўйича ИҲТТ ўртача кўрсаткичидан юқори балл тўплади. Бундан ташқари, Финляндияда ИҲТТ мамлакатлари ўртача кўрсаткичига нисбатан кўпроқ ўқувчилар камида битта фан бўйича энг юқори натижани (5 ёки 6-даражани) қайд этган. Шу билан бирга, ИҲТТ мамлакатлари ўртача кўрсаткичига нисбатан кўпроқ ўқувчилар барча учта фан бўйича тил кўникмаларидан минимал даража (2-даража ёки ундан юқориси)ни қайд этган.

Сингапур. Сингапур ҳам PISA натижаларида энг яхши кўрсаткичлардан бирига эга. Андреас Шляйхер «Жаҳон даражасидаги таълим» асарида таъкидлаганидек, ўқитувчилар ҳар доим Сингапур муваффақиятининг асосий омили сифатида эътироф этилган. У ерда ўқитувчилар малакасини оширишга катта эътибор қаратилади — улар ўз компетенцияларини доимий равишда янгилаб туришлари лозим. Бунинг учун уларга 100 соат ажратилади. Ҳукумат номзодларни синчковлик билан танлайди, уларга ҳар ойлик стипендия таклиф қилади. Бунда бўлажак ўқитувчилар университетни тугатгандан сўнг камида уч йил дарс бериши шарт. Ўқитувчилар ўртасида мунтазам илғор тажриба алмашишни таъминлаш мақсадида 2010 йилда Ўқитувчилар академияси ташкил этилган. Ўз самарадорлигига ишонган ўқитувчи ҳамкасбларининг дарсларида қатнашади, биргаликдаги касбий ривожланиш ва ўқитиш жараёнларида иштирок этади.

Шундай қилиб, ўқитувчилар ўзаро ҳамкорлик қилиш асносида, бу кўникмани ўқувчиларга ҳам сингдиради. Миллий таълим институти ходими Дэвид Хун ўқитувчилар дунёқарашини ўзгартириш таълимдаги ўзгаришлар йўлида ҳал қилувчи қадам эканини таъкидлайди.

Япония. Япония ҳам PISA тадқиқотлари натижалари бўйича жаҳонда етакчилардан бири ҳисобланади. Бу ерда педагогнинг касбий маҳорати нафақат жамият олдидаги, балки ўзи олдидаги бурч ва мажбурият ҳисси билан белгиланади. Япониядаги ўқитувчилар ҳар бир ўқувчи учун оптимал шароит яратишга интилади. Айни вақтда, Японияда педагог унвонини олиш жуда қийин.

Сенсей — устоз нафақат мураккаб имтиҳондан ўтиши, балки қалам ва мўйқаламни ҳам моҳирона ишлатиши, мусиқий маълумотга, спорт разрядига эга бўлиши керак. Касбий кўникмалардан ташқари, сенсей ўқувчиларда ўз-ўзига хизмат кўрсатиш кўникмалари, мустақил таълим олиш, ўзаро ёрдам бериш ва ўз-ўзини таҳлил қилиш қобилиятини шакллантиради.

Канада. Канадалик ўқувчилар математика, ўқиш ва табиий фанлар бўйича ИҲТТ ўртача кўрсаткичидан юқори балл тўплади, шунингдек, ИҲТТ мамлакатлари ўртасида энг яхши натижалар (5 ёки 6-даража)ни қайд этди. Таъкидлаш жоизки, Канада мактабларида муҳожир оилаларнинг фарзандлари кўпчиликни ташкил қилади ва уларнинг натижалари маҳаллий болаларники билан бир хил. Буларнинг барига таълим тизими турли маданият элементларини ўз ичига олгани ва ўқувчилар дунёга турли нуқтаи назардан қарашни ўргангани шарофати билан эришилган. Ўқитувчилар хилма-хилликка ижобий муносабатни ривожлантиради ва ҳар бир боланинг муваффақиятга эришишига кўмаклашади. Ўқитувчининг ўзи ҳам давлатдан худди шундай ёрдам олади. Айниқса, фаолиятининг бошланишида:

  • ўқитувчини қўллаб-қувватлайдиган ва унинг шаклланишига самарали таъсир кўрсатадиган дастурлар ишлаб чиқилади;
  • бошқарув ва молиялаштириш провинция (вилоят) даражасида амалга оширилади, бу эса дастурлар орасида хилма-хилликни таъминлайди;
  • услубий таъминот ишлаб чиқилади;
  • ўқитувчининг компетентлиги унинг ҳам шахсий, ҳам касбий сифатларини ривожлантириш орқали оширилади.

Ушбу дастурда иштирок этиш барча «янги» педагоглар учун мажбурий. Улар мазкур дастурдан мураббий назорати остида ўтади. Дастур якунида уларга тегишли сертификат берилади.

XXI аср педагоги портрети

Халқаро тадқиқотларда етакчи ўринларни эгаллаган хорижий мамлакатлар тажрибаси ва экспертларнинг фикрларини таҳлил қилиб, XXI аср ўқитувчисининг портретини қуйидагича шакллантириш мумкин:

Таълим

  • олий (магистратура);
  • таълим муассасасига ўқишга киришда ҳам, ишга қабул қилинишда ҳам синчковлик билан саралашдан ўтказилади.

Шахсий фазилатлар

  • XXI аср кўникмаларига эга;
  • касбини онгли равишда танлаган;
  • доимий ривожланишда;
  • етакчилик қобилиятига эга;
  • ўз фаолиятини режалаштира олади;
  • кенг дунёқарашга эга;
  • ўз-ўзини таҳлил қила олади;
  • соғлом турмуш тарзини олиб боради;
  • стрессга чидамли;
  • эмпатия туйғусига эга;
  • ўқувчиларнинг ота-оналари билан фаол ҳамкорлик қилади ва уларга педагогика тилини ўзлаштиришда ёрдам беради.

Касбий кўникмалар

  • нимани ва нима учун ўргатаётганини тушунади;
  • нафақат билим олишга, балки кўникмаларни ривожлантиришга қаратилган ўқитишнинг фаол усулларидан фойдаланади;
  • ҳар бир ўқувчининг ўз йўналиши бўйича ривожланишига ёрдам берадиган ўқув муҳитини яратади;
  • ҳамкасблари билан учрашувлар ташкил этади;
  • тадқиқот фаолиятида фаол иштирок этади;
  • болаларда XXI аср кўникмаларини ривожлантиради.

Ўқувчиларни ўқитиш ва ҳар томонлама ривожлантиришда педагог ҳал қилувчи роль ўйнайди. Фақат замонавий кўникмаларга эга бўлган педагоггина келажакнинг таҳдид ва имкониятларига тайёр янги авлодни самарали тарбиялаш ва ривожлантиришга қодир.

Муаллиф ҳақида: Руфина Гриднева — Тошкентдаги «Leader болалар мактаби» нодавлат мактаби бошланғич синф ўқитувчиси. Қўқон давлат университети магистри, ихтисослиги — «Таълим тизимини бошқариш».