Андижон шаҳрида яшовчи фуқаро З.М. Суриядаги террористик ташкилотларга пул жўнатгани учун озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу шахс ижтимоий тармоқларда саҳифалар очиб, улар орқали диний-экстремистик ташкилотларнинг ҳижрат ва жиҳод тўғрисидаги материалларини тинглаб, томоша қилган.

Шунингдек, у Суриядаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» ҳамда «Ғуроба катибаси» террористик ташкилотлари сафида бўлган андижонлик 3 нафар фуқаро билан 2023 йилнинг май ойидан мулоқотга киришиб, уларнинг таъсирида Сурияга кетишни мақсад қилган. Лекин оилавий муаммолар сабабли режасини амалга оширолмаган.

Бундан ташқари, 2023 йилнинг август-декабрь ойлари давомида ушбу фуқароларнинг оила аъзолари ва танишлари берган жами 7150 доллар ҳамда 41 миллион 230 минг сўм пул маблағини мобил иловалардан фойдаланган ҳолда, криптовалюта билан шуғулланувчи шахсларнинг ҳисоб рақамларига ўтказиш орқали уларга етказиб берган.

Шу билан биргаликда, З.М. улардан бирининг шаръий никоҳдаги турмуш ўртоғи бўлган, Тошкент шаҳрида яшовчи аёлни 2023 йилнинг 19 декабрь куни «Дўстлик» чегара пункти орқали Қирғизистонга ўтказиб, келгусида Туркия орқали Сурияга етиб бориши учун Ўш шаҳридаги аэропортга кузатиб қўйган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари давомида З.М.нинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди. У 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Нашрнинг қўшимча қилишича, Суриядаги 3 нафар андижонликдан бири қуролли тўқнашувларда ҳалок бўлган.