17 декабрь куни E-auksion платформасида бўлиб ўтган аукцонда Тошкент шаҳри кўчалари бўйлаб пулли автотураргоҳларни ташкил этиш ҳуқуқи учун такрорий савдолар ўтказилди, дея хабар бермоқда Spot.
Кимошди савдоси 20 дақиқадан кўпроқ вақт давом этди ва иккита таклифдан сўнг якунланди. Унда 62,93 миллиард сўм — бошланғич баҳодан (57,2 млрд сўм) 10 фоизга кўпроқ таклиф қилган Streetpark Systems компанияси ғолиб деб топилди.
25 ноябрь куни ўтказилган биринчи аукционда Balcomuz ғолиб чиққан эди. У автотураргоҳларни 3 йилга ижарага бериш учун 120,15 млрд сўм таклиф қилган, бироқ шартнома тасдиқланмаган. Эслатиб ўтамиз, ушбу аукцион 2 соат 10 дақиқа давом этган ва 22 та таклиф қилинганди.
Шу билан бирга, аввалги кимошди савдоси натижаларига кўра, Balcomuz билан келишувга эришиш имкони бўлмаган тақдирда автотураргоҳни ташкил қилиш ҳуқуқини қўлга киритадиган захира ғолиб аниқланмаган эди.
Шундай қилиб, такрорий савдолардан сўнг тўхташ жойларини ижарага олиш ҳуқуқи ярим «нархига тушди».
«Газета.uz» сўровига жавобан E-auksion'нинг аниқлик киритишича, аввалги ғолиб ижара шартномасини белгиланган муддатда имзоламаган. Шу муносабат билан ғалаба бекор қилинган. 572 миллион сўм миқдоридаги омонат куйиб кетган, Balcomuz компанияси 12 ойга аукционларда иштирок этишдан четлатилган.
Бундан ташқари, таъкидланишича, аввалги аукционда захира ғолиби аниқланган, аммо у ҳам шартнома имзоламаган. Шу сабабли иккинчи иштирокчининг исми-шарифини аниқлаб бўлмаган. Яъни аукционнинг иккала иштирокчиси ҳам шартнома тузишдан бош тортган.
Авваллари аукционнинг асосий ва захира ғолиблар дарҳол эълон қилинарди. Бироқ электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибига ўзгартиришлар киритилгандан сўнг, захира ғолиб асосий ғолиб шартнома тузишдан бош тортгандан кейин эълон қилинади.
Янги ғолиб ҳақида
Юридик шахсларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, Streetpark Systems 2024 йилнинг 13 ноябрида рўйхатга олинган. Компания таъсисчиларидан бири — Кудратбек Дилшадович Якубов бўлиб (Leader Great Trade, Aziz Export 777, Prime Avto Consulting МЧЖларига ҳам эгалик қилади), у 75 фоиз улушга эга. Қолган 12,5 фоизи Венгриянинг iCell Mobilsoft Zrt ва Kasy Park компанияларига тегишли.
Kasy Park 2021 йилда 10 йил давомида Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан давлат-хусусий шериклик доирасида пулли автотураргоҳ тизимини яратиш бўйича тендерда ғолиб чиққан компания. Бироқ Транспорт бошқармаси қонунчилик базаси йўқлиги сабабли автотураргоҳларни ташкил қилиш учун ҳудудни унга бермаган.
Kasy Park асосчилари 55 фоиз улушга эга Фазилов Миродил Нигматджан ўғли (Oazis Lux Investments, Benchmark Distribution, ADM Invest), 40 фоиз улушга эга Oldfolk қурилиш компанияси ва 5 фоиз улушга эга Гулнора Акрамовна Нигмановалардир.
Пулли автотураргоҳлар ҳақида
13 ноябрь куни «Газета.uz» Тошкентда пулли автотураргоҳларни ташкил этиш ҳуқуқини берувчи аукцион эълон қилингани ҳақида хабар берганди.
Битта лот доирасида шаҳарнинг барча туманларида жами 262,8 минг квадрат метр майдонни ижарага бериш режалаштирилган. Шундан 6571,3 квадрат метри метро бекатларидан 200 метр радиусда жойлашган. Топографик харитага кўра, гап умумий узунлиги 111,6 километр бўлган 86 участка ҳақида кетмоқда:
- пойтахтнинг марказий қисмида (жумладан, Амир Темур хиёбони, Мовароуннаҳр, Истиқлол, Яҳё Ғуломов, Ўзбекистон овози, Истиқбол, Содиқ Азимов, Тарас Шевченко, Шаҳрисабз, Яккачинор, Шастри, Маҳатма Ганди, Ҳамид Олимжон, Чехов ва бошқа кўчалар);
- Учтепа ва Чилонзор туманларида (Кичик ҳалқа автомобиль йўли, Фарҳод, Лутфий, Чўпонота, Муқимий, Қатортол, Чилонзор, Арнасой, Есенин, Бешқайрағоч кўчалари);
- Сергели ва Янгиҳаёт туманларида (Янги Сергели, Турсунзода, Алавия, Шокирариқ, Ислом Сатторов, Қипчоқ, Қўрғонтепа, Биродарлик кўчалари);
- Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида (Лабзак, Себзор, Гулобод, Фaробий, Белтепа, Қорақамиш, Қорасарой, Шимолий Олмазор кўчалари);
- Бектемир туманида (Ҳусайн Бойқаро кўчаси);
- Миробод тумани (Янги Қўйлиқ кўчаси);
- Яшнобод туманида (Оҳангарон йўли кўчаси, Қуйи Талариқ, Сивец, Қурувчилар кўчалари).
Майдонларнинг асосий қисми Миробод (71,9 минг кв метр), Яккасарой (36,5 минг кв метр), Сергели (29,5 минг кв метр), Шайхонтоҳур (27,8 минг кв метр) ва Олмазор (26,7 минг кв метр) туманларига тўғри келади.
Ижара муддати 36 ойни ташкил этади. Дастлабки икки йил ичида ижарачи автотураргоҳларни жиҳозлаш, паркоматлар ва ҳаракатни ташкил этиш воситаларини ўрнатиш, шунингдек, коммуникация ва алоқани амалга ошириш учун камида 5 млн доллар сармоя киритиши керак.
Йиллик ижара бошланғич нархи, юқорида таъкидланганидек, 57,21 млрд сўмни ташкил этади.
Тошкент шаҳри ҳокими қарори билан пулли тўхтаб туриш жойларини ташкил этиш тартиби ва транспорт воситаларининг пулли тўхтаб туриш жойларидан фойдаланганлик учун тўловлар миқдорлари тасдиқланганди. Тўловлар тариф зоналарига кўра бир соат учун 5 минг сўмдан 12 минг сўмгача этиб белгиланган.
Ҳужжатга кўра, лойиҳа биринчи босқичида — 2025 йил август ойи охирига қадар 13,2 мингта пулли автотураргоҳ жойи яратиш режалаштирилган, бу эса умумий 84 минг жойнинг 15 фоиздан кўпроғини ташкил этади.
«Газета.uz» бунга қадар ҳам Тошкентдаги тартибсиз автотураргоҳлар муаммолари ҳақида бир неча бор ёзган эди. Автомобиллар жамоат жойларини эгаллаб, пиёдалар йўлакларида пиёдалар йўлини тўсиб қўяди, жамоат транспорти ҳаракатига тўсқинлик қилади, автобус бекатларига кириш ва ажратилган йўлакларни тўсиб қўяди.
2021 йилда пулли автотураргоҳ ташкил қилиш бўйича тендерда ғолиб бўлган компания вакили билан интервью ҳам эълон қилинган.