Ўзбекистонда 2025 йилда 600 минг кишига ижтимоий карта берилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 13 декабрь куни ўтказилган ижтимоий ҳимоя соҳасига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Ҳозирги кунда 65 турдаги ижтимоий хизмат ва ёрдам олиш учун фуқаролар туғилганлик, ногиронлик тўғрисида, пенсия, талабалик гувоҳномаси, банк картаси каби 10 дан ортиқ ҳужжатни кўтариб юришга мажбур. Бундай оворагарчиликка чек қўйиш вақти келганини таъкидлаб, президент барча ҳужжатларни ўрнини босадиган ижтимоий карта жорий этилишини эълон қилди.

Ижтимоий карта билан автобус ва метрода бепул юриш, электр, газ ва ўқиш харажатига компенсация олиш мумкин бўлади, нафақа ва ёрдам пуллари ҳам шу картага тушади. Давлат раҳбарининг маълум қилишича, тизим Тошкент шаҳри ва Янгийўл туманида 1 июлгача синовдан ўтказилади. 2025 йил якунигача бутун республика бўйлаб ишга туширилади.

13 декабрь кунги видеоселекторда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича кейинги йилда амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берилган. Жумладан, янги йилдан оилавий боғча ўринларининг 15 фоизига камбағал оила фарзандлари қабул қилинади ва боғча тўлови қисман қоплаб берилади.

2025 йилда муҳтож одамларнинг жарроҳлик амалиёти учун Тиббий суғурта жамғармасига қўшимча 185 миллиард сўм ажратилади. «Ижтимоий дафтарлар» маблағи фақат камбағал оилаларнинг яшаш шароитини яхшилаш, уларга тиббиёт, таълим хизматларини кўрсатиш ва даромадини оширишга сарфланади.