Ўзбекистон мактабларида жорий ўқув йилидаги қишки таътил 29 декабрдан 11 январга қадар давом этади. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.
Вазирликнинг қайд этишича, бу саналар оралиғи ота-оналар, ўқувчилар ва педагогларга қулайлик яратиш ҳамда ўқув жараёнларининг узлуксизлигини таъминлаш мақсадида танланган.
Бунда мактабларда 2025 йил 11 январь (шанба) кунига белгиланган дарслар 2024 йил 28 декабрь (шанба) кунига ўтказилади ҳамда ўқув йилининг 3-чораги 2025 йил 13 январь (душанба)дан бошланади.
Эслатиб ўтамиз, ОТМ талабалари ва техникум, касб-ҳунар мактаби, академик лицейлар ўқувчилари 25 декабрдан қишки таътилга чиқади. Дарслар 8 январдан бошланиши белгиланган.
Талабалар учун самолёт ва поезд учун чипталарга 50 фоизгача бўлган чегирмалар эълон қилинган. Шунингдек, Тошкент шаҳридаги иккита олийгоҳда чипта сотиб олиш учун сайёр кассалар ташкил қилинган.