10 декабрь куни президент «Қарши давлат техника университетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорни имзолади, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги.
Ҳужжат билан янги олийгоҳ Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти, Қарши ирригация ва агротехнологиялар институти, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши филиали ҳамда Тошкент кимё-технология институтининг Шаҳрисабз филиали негизида ташкил этилади.
Юқоридаги ОТМларда таҳсил олаётган барча талабалар ўқишини Қарши давлат техника университетида давом эттиради. 2024/2025 ўқув йилидан битирувчи курс талабаларига мазкур университет дипломи берилади.
Янги олийгоҳнинг асосий вазифаларидан бирига муҳандислик, геология, ишлаб чиқариш, қурилиш, транспорт, энергетика, ахборот технологиялари ва дастурлаш, хизмат кўрсатиш ҳамда ирригация тизимлари ва агротехнологиялар соҳалари бўйича кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш киради.
2025/2026 ўқув йилидан:
- қайта тикланувчи энергия манбалари, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси ва атроф-муҳит муҳандислиги йўналишларида кадрлар тайёрлаш салмоғи оширилади;
- талабаларнинг фанларни ўзлаштириш кўрсаткичини ва профессор-ўқитувчиларнинг фаолият самарадорлигини халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизими жорий этилади;
- иқтидорли талабалар учун дарслар хорижий тилларда ўқитиладиган алоҳида гуруҳлар ташкил этилади.
Бундан ташқари, Таълим хизматлари маркази ташкил этиб, талабаларга ўқиш давомида юзага келадиган ташкилий ва ҳуқуқий масалалар бўйича барча зарур хизматларнинг «ягона дарча» тамойили асосида кўрсатилиши йўлга қўйилади.
Университет таълим жараёнига илм-фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини қўллаш, халқаро эътироф этилган ташкилотлар рейтингида биринчи 300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотлари тажрибаси асосида таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиши керак.
ОТМ фаолиятини такомиллаштириш ва таълим сифатини таъминлаш мақсадида хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда университетда Трансформация маркази ташкил этилади. Марказ қуйидаги масалаларга масъул бўлади:
- таълим дастурларини халқаро таълим стандартларига мувофиқлаштириш;
- университетни дунёнинг энг нуфузли олий таълим ташкилотлари рейтингига киритиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва ижросини ташкил этиш;
- таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказиш ҳамда университет дипломларининг хорижда тан олинишига эришиш;
- таълим хизматларини кўрсатиш самарадорлигини ошириш мақсадида университет ўқув-услубий бўлинма ҳамда деканатлар штатларини мақбуллаштириш ҳисобидан Регистратор офиси фаолиятини йўлга қўйиш;
- университетининг таълим, тадқиқот ва ахборот-кутубхона фаолиятларини ҳамда бошқарув жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш.
Тошкент кимё-технология институтининг собиқ Шаҳрисабз филиали базасида университетнинг Шаҳрисабз озиқ-овқат муҳандислиги факултети фаолияти йўлга қўйилади. Унда устувор равишда озиқ-овқат технологияси, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда озиқ-овқат саноати машиналари ва агрегатлари йўналишларида кадрлар тайёрлашни ташкил этилади.
Қарши шаҳрида камида 20 гектар ер майдонда университет учун янги кампус қурилади. Мавжуд бино ва иншоотларини алоҳида лотларга ажратиб босқичма-босқич аукцион савдолари орқали сотилади ва ундан тушадиган маблағлар ОТМга йўналтирилади.
Қарши давлат техника университетига 3 та ўрта махсус таълим ташкилоти, 12 та касбий таълим ташкилоти ва 17 та таълим ташкилоти бириктирилади.