Россия «яқин кунларда» Украинага зарба бериш учун «Орешник» ўрта масофали баллистик ракетасидан яна фойдаланиши мумкин, дея хабар берди AP ва Reuters АҚШ расмийларига таяниб.
Пентагон матбуот котиби Сабрина Сингҳнинг сўзларига кўра, АҚШнинг огоҳлантириши Америка разведкасининг баҳолашларига асосланган. Бошқа тафсилотлар, жумладан, Россия айнан қаерга зарба бериши мумкинлиги маълум қилинмади.
Сингҳнинг қўшимча қилишича, АҚШда «Орешник»дан фойдаланиш жанг майдонидаги бурилиш нуқтаси эмас, балки қўрқитишга уриниш сифатида қаралади.
AP суҳбатдошларининг таъкидлашича, Россияда бор-йўғи бир нечта «Орешник» ракеталари бор ва улар Украинага мунтазам учирилган бошқа ракеталарга қараганда камроқ жанговар каллакни ўзида ташийди.
Вашингтон «Орешник» урушнинг боришини ўзгартиришига ишонмайди, дея қўшимча қилди Reuters манбаси. «Бу Россиянинг Украинани террорлаштиришга қаратилган яна бир уринишидир, у муваффақиятсизликка учрайди», — деди у.
11 декабрь куни Россия Мудофаа вазирлиги Украина армияси Ростов вилоятининг Таганрог шаҳридаги ҳарбий аэродромга олтита ATACMS ракетаси билан зарба берганини маълум қилди. Вазирликнинг таъкидлашича, иккита ракета ҳаво мудофааси тизими томонидан уриб туширилган, қолганлари радиоэлектрон кураш воситалари томонидан бартараф этилган.
«Ғарбнинг узоққа отиш қуроли билан амалга оширилган ҳужум жавобсиз қолмайди, тегишли чоралар кўрилади», — дейилади Россия Мудофаа вазирлиги хабарида.
Украина томони Таганрогга ракета ҳужуми ҳақидаги хабарга изоҳ бермади.
- Россия қўшинлари 21 ноябрь куни эрталаб Днепрга «Орешник»ни зарба берди. Украина ҳаво кучлари дастлаб Россия Қитъалараро баллистик ракета (ҚБР)ни қўллаганини маълум қилди.
- Кейинроқ Россия президенти Владимир Путин жанговар шароитда Россиянинг энг янги «Орешник» қуроли синовдан ўтказилганини ва ракета «Южмаш» ҳарбий-саноат корхонасига зарба берганини айтди. Путиннинг сўзларига кўра, зарба Украинага Россия ҳудудида узоқ масофали Ғарб қуролларини қўллаш учун берилган рухсатга жавоб бўлган.
- Украина ҳукуматидаги манбаларнинг Reuters агентлигига маълум қилишича, «Орешник» ўрта масофали баллистик ракетасида портловчи моддалар бўлмаган ва «сезиларсиз» зарар етказган.