11 декабрь куни бўлиб ўтган тақдимотда президент Шавкат Мирзиёевга бошқа лойиҳалар қатори Тошкент шаҳри марказидаги Дўстлик (собиқ Бобур) истироҳат боғини реконструкция қилиш лойиҳаси тақдим этилди.

Боғ янгиланиб, аҳолини ўзига жалб этувчи масканга айлантирилади. Сайр йўлаклари, сув ҳавзалари, дам олиш жойлари таъмирланиб, ўриндиқлар ўрнатилади. Оилавий кўнгилочар маскан ва болалар ижод маркази ташкил қилинади. Ёшлар учун скейт майдончаси, дарахтлар билан уйғун авиарий ҳамда томоша чархпалаги қурилади, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Боғ ҳудудида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси жойлашган. Унинг ортидаги майдонда Ўзбекистондаги миллий маданият марказларининг павильонларини барпо этиш режалаштирилган.

бобур боғи, дўстлик боғи, тошкент

Улар ҳар бир миллатнинг уйи шаклида бўлиб, ўзига хос маданият ва анъаналарни ифодалайди. Бу ҳудуд Дўстлик боғи билан ҳамоҳанглик касб этади, дейилади хабарда.

бобур боғи, дўстлик боғи, тошкент

Россиялик лойиҳачи Ирина Литвинова «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида лойиҳани ишлаб чиқишда «барча энг замонавий боғ қурилиши амалиётларини интеграция қилишга ҳаракат қилинганини» айтди.

«Яшиллик оламини сақлаб қолиш билан бирга, уларни янада кўпайтирдик. Чунки ўсимликлар, яхши ва сифатли сайр зоналари бу боғда ҳордиқ чиқаришнинг асосий шартларидан бири, деб ҳисоблаймиз», — деди у.

бобур боғи, дўстлик боғи, тошкент

«Биз мавжуд ландшафтни сақлаб қолишга ҳаракат қиляпмиз. Барча ечимлар табиий муҳитга мослаштирилади. Қўшимча равишда гулзорлар ташкил этиш, баланд бута ва дарахтлар экиш режа қилинган», — дея қўшимча қилди мутахассис.

«Ушбу манзил осуда муҳитда дам олишни истаган шаҳар аҳолиси талабларига тўлиқ жавоб беради. Бу ерда велосипедлар, самокатлар бўлмайди, шунингдек, одатда боғдаги асосий фойдаланувчиларга халақит берадиган ва уларга ноқулайлик туғдирадиган бошқа нарсалар ҳам бўлмайди», — дея ишонтирди у.

бобур боғи, дўстлик боғи, тошкент

Боғдаги марказий хиёбон кенгайтирилади. Мақсад — «кўпчилик бўлиб келадиганлар учун максимал даражада қулай қилиш». Чунки боғдаги ҳаракат оқими ортиши кутилмоқда. Марказий xиёбон сақлаб қолиниб, унга боғда аллақачон мавжуд бўлган тематик зоналар уйғунлаштирилади. Сеул боғи, Тинчлик қўнғироғи ва «Сиэтл» боғи (сўнгги иккитаси маданий мерос объектлари ҳисобланади) сақлаб қолинмоқда.

Барча учун истироҳат боғидан фойдаланиш имконияти оширилади — «бутун ҳудуд тўсиқсиз бўлади». Ирина Литвинова шундай таъкидлади: «Биз шундай ҳаракатланиш тизимини яратмоқдамизки, болали оналар ҳам, имконияти чекланган фуқаролар ҳам у ерда эркин юра олади», — дея таъкидлади Ирина Литвинова.

бобур боғи, дўстлик боғи, тошкент

«Марказий ҳавзага келадиган бўлсак, уни максимал даражада очиқ ва кириш учун қулай қилиб қайта ташкил этамиз. Чунки ҳозир унинг четлари баланд бўлгани боис сувга яқинлашиш қийин. Атрофига ўриндиқлар, амфитеатр, янгиланган кўприк ва япон қўнғироғи қўшилади», — деди у.

Фаввора четлари ҳам паст қилиб қайта қурилади. Қўшимча ўриндиқлар боғ меъморчилигига уйғун тарзда ўрнатилади.

бобур боғи, дўстлик боғи, тошкент

Болалар майдони эса экологик материаллар асосида янгиланади. Бунда ёғоч, минимал даражада резина ва сув устуворлик қилади. Фарзандини кутаётган оналар учун соябонли қулай ўриндиқлар қўйилади.

бобур боғи, дўстлик боғи, тошкент

Янги спорт иншоотлари яратилади. Жумладан ёга майдончаси барпо этилади. Боғнинг бутун периметри бўйлаб айлана югуриш йўлаги ҳам бўлади.

Парк атрофидаги баҳслар

Март ойида Тошкент ҳокимлиги Абдулла Қодирий боғи каби Дўстлик боғини Ғофур Ғулом боғини реконструкция қилган BPM Smart Decision Management компаниясига 49 йиллик ижарага берганди. Бу ҳукумат ҳужжатида ҳам кўзда тутилган (бироқ ҳар иккала ҳужжат ҳам очиқ эмас).

Қарор аҳоли билан муҳокама қилинмаган. Апрель ойида аҳолига кўрсатилган дастлабки лойиҳа норозилик уйғотди — эскизларда Сеул боғи ўрнига муз майдони, Тинчлик қўнғироғи ўрнига карусель тасвирланган ва «Сиэтл» боғи умуман кўрсатилмаган эди.

Аҳоли тинч ва осойишта боғ бўлишини хоҳлашини айтган. Улар шаҳар ҳокимлиги ва ҳукуматнинг боғни инвесторга ижарага бериш тўғрисидаги қарорлари ошкор этилишини талаб қилиб судга мурожаат қилган, аммо бунга эриша олишмаган.

Бундан бир муддат аввал ҳам боғ реконструкция қилинган, бу уч йил — 2018 йилдан 2021 йилгача давом этган. Бу вақт давомида парк инвесторни кутиб ёпилган. 2021 йил май ойида Тошкент шаҳар ҳокимлиги истироҳат боғи пойтахтга қайтарилгани, шаҳар маъмурияти фуқароларнинг фикрини инобатга олган ҳолда уни қайта тиклашини маълум қилган.

2021 йил июль ойида Дўстлик боғини реконструкция қилган архитекторлар журналистлар билан учрашувда лойиҳа муаллифлари боғнинг асл — сайр қилиш функциясини сақлаб қолганини таъкидлаган. Боғ 2021 йил октябрь ойида реконструкциядан сўнг очилган.

Боғни шаҳар маблағлари ҳисобидан реконструкция қилиш ва коммунал ободонлаштириш Ўзбекистон учун намуна бўлган. 2010 йилдан буён мамлакатдаги барча маданият ва истироҳат боғлари ҳукумат қарорига кўра, ўзини-ўзи таъминлай бошлаган.