Чоршанба куни президент Шавкат Мирзиёевга қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳалари қаторида Тошкент шаҳридаги Абдулла Қодирий боғини реконструкция қилиш концепцияси тақдим этилди.

Боғда рельефдан тўғри фойдаланиб, яшил ҳудудларни кўпайтириш, сайр ва томоша жойлари, фавворалар, янги планетарий қуриш, шунингдек, сайёҳларни жалб қилиш учун гастро-холл ташкил этиш режа қилинмоқда.

«Янги иншоотлар Чорсу бозори, умуман, эски шаҳар билан янада уйғун бўлади», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Президент боғда шароитларни яхшилаш ва анъаналарни акс эттириш зарурлигини таъкидлади: «Бу режалар яхши. Фақат миллий руҳ қўшиш керак. Бу ерда шаҳарнинг тарихи, халқимизнинг анъаналари акс этсин. Ҳар бир ёш тоифасидаги инсон боғда ўз жойини топа олсин».

Россиялик лойиҳачи Ирина Литвинова «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида боғ концепциясини ишлаб чиқишда «аҳоли талаблари ҳам инобатга олинганини» айтди.

«Шаҳарнинг бу қисмида анъанавий муҳит ҳукмрон ва биз ҳам маълум маънода шундай услубни танлашга қарор қилдик. Мазкур боғда миллий, маданий элементлар уйғунлигини кўриш мумкин. Яъни ўзбек халқига хос бўёқлар, нақшлар, қолаверса, одамларнинг турмуш тарзи акс этади», — деди у.

Парк марказ бўйлаб, жумладан, ҳозирда сайёҳларни «оҳанрабодек тортадиган» Чорсу бозори ҳудуди билан интеграциялашган. «Бизнинг тахминимизча, Қодирий боғи ҳам худди шундай манзилга айланади ва шаҳар меҳмонларини ўзига жалб қилади», — деди у.

Боғда яшиллик оламини асраш учун замонавий томчилатиб суғориш технологиялари ўрнатилади.

абдулла қодирий боғи, тошкент 2030

Кузатув минораси ҳудуддаги диққатга сазовор объектлардан бири бўлади. «Бу умумий қиёфани ўзгартирмайдиган нафис реконструкция бўлиб, қуш парвози баландлигидан шаҳарнинг бор гўзаллигини кўриш мумкин. Ҳазрати Имом мажмуасининг мовий гумбазлари, Чорсу бозори ва шаҳарнинг анъанавий қисмини кузатиш учун ҳам жуда жозибали», — деди Ирина Литвинова.

Қодирий боғидаги яна бир муҳим жиҳат — бу метро вестибюлига чиқиш. «Бунга алоҳида ёндашдик. Боиси йўловчи оқими юқори, бизнинг ечимга кўра, метродан чиқишда фойдаланувчилар қулайлиги учун алоҳида майдон ташкил қилинади», — деди мутахассис.

«Метрога кириш эшиги олдида эса тўлиқ миллий таомларга бағишланган гастро-холл бўлади. У ерда Тошкентнинг ташриф қоғозига айланган таомлардан таътиб кўриш ва бир вақтнинг ўзида маҳорат дарслари ўтказиш имконияти яратилади. Яна одамларнинг ўзлари ҳам егуликлар тайёрлашлари мумкин», — деди у.

абдулла қодирий боғи, тошкент 2030

Марказий хиёбонни ободонлаштириш жараёнида болалар учун кўнгилочар айвонлар, фавворалар пайдо бўлади. Лойиҳага кўра, фаввора ҳавзаси замонавий шаклда қайта тикланади. Ўтиш жойларида фойдаланувчилар қулайлиги учун сув каналлари панжаралар билан ёпилади, баъзи нуқталарда ўз жойида қолади.

«Рельефнинг пасайишига келсак, бу боғнинг асосий жиҳати. Чунки у ерда аввалдан табиий кузатиш майдончаси мавжуд. Биз бу ечимни такомиллаштирдик ва осма кўприкни бирлаштирдик. У нафақат томоша майдони ва чиройли фотосуратлар олиш учун муносиб манзил, балки амфитеатр сифатида ҳам фаолият юритади. Бу ерда саҳнага қараган қия зинапоялар бўлади», — деди Ирина Литвинова.

Сув иншооти совитиш баробарида рамзий маънода амфитеатрнинг руҳини ифодалаб туради.

абдулла қодирий боғи, тошкент 2030

Эслатиб ўтамиз, баҳорда Абдулла Қодирий номидаги истироҳат боғи BPM Smart Decision Management Ўзбекистон-Сингапур компаниясига камида 10 млн доллар инвестиция киритиш ва реконструкция қилиш шарти билан 49 йилга ижарага берилганди. Илгари мазкур корхона Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғини реконструкция қилган. «Дўстлик» боғи (собиқ Бобур боғи) ҳам худди шу корхонага 49 йилга ижарага берилган. Апрель ойида дизайнерлар билан музокаралар олиб борилгани ҳақида хабар берилганди.

«Сабр-тоқатли» Қодирий боғи

Абдулла Қодирий паркининг ҳудуди аслида 16 гектар бўлган, аммо 5 гектари қурувчи-компанияларга берилган. Ҳозирда унинг ҳудуди — 11 гектар. 2017 йилда бу ерда 16−17 мингтача дарахт бўлган, ҳозир эса 5−5,5 мингта дарахт қолган. Бу йиллар давомида турли реконструкция лойиҳалари муҳокама қилинди. 2022 йилнинг март ойида парк реконструкция қилиш учун ёпилди, аммо бунинг учун маблағ этарли эмас эди. Батафсил.

Парклар қандай бўлиши керак?

2022 йилда «Газета.uz» Москванинг замонавий рамзи — Зарядье боғи муаллифлари Citymakers International ижрочи директори Мария Пономарева ва лойиҳа менежери Антон Айсин билан интервью эълон қилганди (рус тилида). Улар Ўзбекистондаги боғларнинг яхши ва ёмон томонлари ҳамда юқори сифатли шаҳар муҳити одамларнинг шаҳарда яшаш ёки ундан чиқиб кетиш истагига қандай таъсир қилиши ҳақида гапирган.