Фарғоналик фуқаролар Жиззахда йирик миқдордаги қалбаки пулларни муомалага киритишга уринганида ушланди, деб хабар бермоқда ЎзА.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тезкор тадбирида Фарғона вилоятида яшовчи 1980, 1983 ва 1989 йилларда туғилган 3 нафар фуқаро қўлга олинди. Аниқланишича, улар ўзаро тил бириктириб, қалбаки 998 миллион 740 минг сўм пулни Жиззах вилоятида 27200 долларга сотмоқчи бўлган.

Терговга қадар текширув давомида мазкур шахслардан олинган 200, 100 ва 20 минг сўмлик купюралар кўринишидаги қалбаки банкнотлар пуркагичли принтер ёрдамида чоп этилгани маълум бўлди.

Таъкидланишича, қонунбузарларнинг 2 нафари муқаддам судланган шахслар ҳисобланади.

Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 176-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.