4 декабрь куни «Қишлоқ хўжалиги ҳамда ветеринария ва чорвачилик соҳалари кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори [ПҚ-420-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар қилди.
Қарорга кўра, қуйидагилар ташкил этилади:
- Қишлоқ хўжалиги соҳаси кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти;
- Ветеринария ва чорвачилик соҳасида педагог ҳамда мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти;
- Уларда қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга қатъий ҳисобда турадиган давлат намунасидаги ҳужжат ҳисобланадиган сертификат берилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппарати, тизим ташкилотлари, ҳудудий таркибий бўлинмалар ходимлари ва унинг тизимидаги ташкилотлар раҳбар ва мутахассис кадрлари ҳар уч йилда камида бир марта малака ошириш курсларида ўқитилиши шарт.
2025 йил 1 январгача уларга нуфузли хорижий олий таълим ташкилотларини битирган ватандошлар ва чет эллик мутахассислар жалб қилинади.
Шунингдек, «Эл-юрт умиди» жамғармаси институтларнинг маҳаллий профессор-ўқитувчиларини жамғарма маблағлари ҳисобидан хорижий етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига малака ошириш, стажировка ва ўқишга юбориш чораларини кўради.