Навоий вилояти Кармана туманидаги Талқоқ маҳалласида 120 ўринли мактабгача таълим муассасаси қурилиши тўхтатилди. Объект «Ягона буюртмачи хизмати» инвестиция компанияси буюртмасига асосан қурилаётган эди, деб хабар бермоқда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Қурилишда назорат инспекцияси ходимлари текширувида бинонинг иккинчи қавати «Г» ўқининг учинчи ва тўртинчи қаторларидаги ғишт териш ишлари ва бетон ўзаклар сифатсиз ва лойиҳа талабларига асосланмаган ҳолда бажарилгани аниқланган.

Инспекторлар қурилиш ишларини вақтинча тўхтатишга қарор қилди. Сифатсиз бажарилган ишлар демонтаж қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 19 октябрь куни «Газета.uz» Самарқанд давлат чет тиллари институти ётоқхонаси қурилиш инспекцияси рўйхатидан ўтказилмай, ўзбошимчалик билан олиб борилгани ҳақида ёзган эди. Қурилиш меъёрлари ва хавфсизлик қоидалари бузилгани, шунингдек, сифатсиз материаллардан фойдаланилгани сабабли ишлар тўхтатилган.

Шунингдек, 18 октябрь куни Тошкентдаги аграр университет ҳудудида қурилаётган янги ётоқхона биносида лойиҳага зид қурилиш ишлари бажарилгани туфайли жараён тўхтатилгани ҳақида хабар берилган.