Ўзбекистонда термитлар ёки бошқа ҳашаротлар туфайли вайрон бўлган уйлар аҳолиси давлат уй-жой фондидан янги уй-жой олади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 4 ноябрдаги қарорида назарда тутилган.

Ҳукумат термитлар ва бошқа ҳашаротлар томонидан зарарланган уй-жойларни аниқлаш ва яшаш учун яроқсиз деб топиш бўйича давлат хизматининг маъмурий регламентини тасдиқлади.

Регламент бундай ҳолларда аҳолини янги уй-жой билан таъминлаш учун ҳуқуқий асос яратади.

2025 йил 1 январдан бошлаб туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан ташкил этиладиган термитлар ва бошқа ҳашаротлар томонидан зарарланган уй-жойларни аниқлаш бўйича комиссиялар томонидан давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали давлат хизмати кўрсатилиши режалаштирилган эди. ЯИДХП хизматнинг ишга туширилишини 29 ноябрь куни эълон қилди.

Ушбу хизмат ёрдамида my.gov.uz порталида турар жой ҳолатини бепул баҳолаш ва тегишли хулоса олиш мумкин.

«Жисмоний шахслар ўзлари яшаб турган уй-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқи мавжуд ёки мавжуд эмаслигидан қатъи назар, давлат хизматидан фойдаланиши мумкин. Комиссия хулосаси бўйича турар жой яшаш учун яроқсиз деб топилса, давлат уй-жойини бериш учун асос бўлади», — дейилади хабарда.

Ариза берувчидан давлат хизматлари марказларига мурожаат қилишда тасдиқлангандан кейин 10 дақиқа ичида комиссияга электрон шаклда бериладиган анкетадан ташқари қўшимча ҳужжатлар ёки маълумотлар талаб қилинмайди.

ЯИДХП орқали аризада шаҳар, туман, уйнинг кадастр рақами ва телефон рақамини кўрсатиш, шунингдек, ушбу масала бўйича илгари мурожаат бўлган-бўлмаганлиги ҳақидаги саволга жавоб бериш зарур. Сўровнома автоматик равишда комиссияга юборилади.

Давлат хизматини кўрсатишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

  • сўровномада нотўғри ёки хато маълумотлар кўрсатилганда;
  • ариза берувчи томонидан Комиссияга уй-жойни кўздан кечириш учун имкон берилмаганда ёки кўздан кечиришга тўсқинлик қилинганда;
  • уй-жойнинг термитлар ва бошқа ҳашоратлардан зарарланган бўлишига қарамай, унинг техник ҳолати яшаш имконини берганда;
  • уй-жойда термитлар ва бошқа ҳашоратлардан зарарланиш ҳолатлари аниқланмаганда.

Давлат хизматини бошқа асосларга кўра рад қилиш тақиқланади.

Комиссия етти иш куни давомида сўровномани кўриб чиқиб, уй-жой жойлашган ҳудудга чиққан ҳолда қуйидагиларни аниқлайди:

  • уй-жойнинг термитлар ва бошқа ҳашоратлардан зарарланганлик даражасини;
  • уй-жойнинг термитлар ва бошқа ҳашоратлардан зарарланганлиги натижасида уй-жойнинг техник ҳолатини;
  • уй-жойнинг термитлар ва бошқа ҳашоратлардан зарарланганлиги натижасида уй-жойда яшаш имконияти мавжудлигини;
  • уй-жойнинг термитлар ва бошқа ҳашоратлардан зарарланганлиги натижасида уй-жойни яроқсиз ҳолатга келганлигини.

Ўрганиш натижасида комиссия томонидан уй-жойнинг термитлар ва бошқа ҳашоратлардан зарарланганлиги натижасида яроқсиз ҳолатга келганлигини тасдиқлаш ёки рад этиш QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ҳолда расмийлаштирилган хулоса Давлат хизматлари марказига (шахсан келиб мурожаат этган тақдирда) ёки ЯИДХП орқали ариза берувчига (электрон тарзда мурожаат этган тақдирда) юборилади.

Бунда ўрганиш натижасида уй-жойнинг яроқсиз ҳолатга келганлиги тасдиқланса, хабарнома қўшимча равишда тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига уй-жойни яшашга мўлжалланмаган жойлар тоифасига ўтказиш ҳамда уй-жой фондидан чиқариш масаласини кўриб чиқиш учун юборилади.

Ҳокимларнинг уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ва ободонлаштириш масалалари бўйича ўринбосарлари комиссия раислари ҳисобланади.

Ҳукумат қарори билан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига бир ой муддатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фанлар академияси билан биргаликда термитлар ва бошқа ҳашаротлар томонидан зарарланган уй-жойларни яшаш учун яроқсиз деб топиш учун техник талабларни ишлаб чиқиш топширилди. Икки ой муддатда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу ҳужжатга мувофиқлаштириш зарур.

Термитлар ёғоч ва таркибида целлюлоза бўлган бошқа материаллар билан озиқланадиган ҳашаротлар бўлиб, улар иншоотлар ва инсон мулки учун жиддий хавф туғдиради. Улар тўсинлар, поллар, деворлар, томлар ва бошқа ёғоч элементларни емиради.

2022 йил апрель ойида Зоология институти директори Бахтиёр Холматов термитлар ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган «Ичан-Қалъа» тарихий-меъморий мажмуасидаги 33 та тарихий ёдгорликнинг ўймакор ёғоч элементларига жиддий зарар етказгани ҳақида хабар берган эди.

Унинг сўзларига кўра, глобал иқлим ўзгариши, ҳароратнинг кўтарилиши ва антропоген омиллар натижасида термитлар табиий яшаш жойларидан кўчиб кетмоқда ва аҳоли пунктларидаги ёғоч иншоотларга жиддий зарар етказмоқда. Дунёда термитларнинг 3000 га яқин тури мавжуд бўлиб, улардан иккитаси Ўзбекистонда учрайди — бу Туркистон термитлари Anacanthothermes termestanicus Jacobs ва катта Каспий орти термитлари Anacanthothermes angerianus Jacobs. Улар мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида кенг тарқалган.

Зоология институти маълумотларига кўра, 2022 йилда аҳоли пунктларида термитлар томонидан зарар етказилган деярли 19 минг ҳолат, ижтимоий соҳа объектларида — 98 ҳолат, стратегик аҳамиятга эга объектларда — 15 ҳолат қайд этилган. Ўзбекистонда 1082 гектар дала ва дашт зоналари, қабристонлар ва бошқа очиқ майдонларда ҳашаротларнинг ушбу тури билан зарарланган.