2025 йилда Тошкентда ўтиши режалаштирилган Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари Ўзбекистонда ўтказилмайдиган бўлди. Мусобақага Баҳрайн мамлакати мезбонлик қилади. Бу маълумотни Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати «Газета.uz»га тасдиқлади. Шунингдек, 2 декабрь куни Осиё олимпия кенгаши ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида бу ҳақда расман хабар берди.

«Осиё олимпия кенгаши Ўзбекистон пойтахти Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган III Осиё ўсмирлар ўйинлари мамлакатда ўтказилиши бекор қилинганини эълон қилди. Энди тадбир 2024 йил 2 декабрдаги Ижроия кенгаши йиғилишида қарор қилинганидек, 2025 йилда Баҳрайнда ўтказилади», — дейилади хабарда.

баҳрайн, осиё оʻсмирлар оʻйинлари, осиё олимпия кенгаши

Ташкилот маълумотига кўра, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Осиё Олимпия кенгашига (OCA) 2025 йил 7−20 сентябрь кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган Осиё ёшлар ўйинларини ўтказиш имконияти йўқлиги ҳақида хат йўллаган. Бунга Тошкентдаги Олимпия шаҳри қурилишининг ўз вақтида якунланмаслиги сабаб бўлган.

Кенгаш бош директори Ҳусейн Ал-Мусаллам бу мусобақалар 2026 йил Сенегалнинг Дакар шаҳрида ўтказиладиган ўсмирлар Олимпия ўйинларига саралаш билан боғлиқ эканлигини, ёш чекловлари ва саралаш мезонлари сабабли уларни кейинги муддатга кўчириш имконсизлигини таъкидлади. Баҳрайн Олимпия қўмитаси 2025 йилдаги ўйинларни қабул қилишга тайёрлигини билдириб, спорт иншоотлари, яшаш жойлари ва тиббий хизматларни таъминлашни ўз зиммасига олишини маълум қилди.

Осиё олимпия кенгаши ижроия қўмитаси 2025 йилги ёшлар Осиё ўйинларини Баҳрайнда ўтказиш ҳақидаги қарорни бир овоздан маъқуллади ва Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига «барча саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдириб, келажакда катта тадбирларни қабул қилиш имкониятига эга эканлигини» таъкидлади.

Ўзбекистон 2025 йилги Осиё ўйинларига мезбонлик қилиш ҳуқуқини 2019 йил сентябрь ойида Доҳада бўлиб ўтган ООК қарорига кўра олганди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 августдаги «Танловга тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори тасдиқланди.

Ўзбекистондаги Олимпия шаҳарчасининг қурилиши 2022 йил 9 ноябрь куни давлат раҳбари қўйган тамал тоши билан бошланганди. Унга мингга яқин ишчи ва муҳандислар, махсус техникалар жалб қилинди. «Газета.uz» давлат раҳбарининг шаҳарчадаги қурилишларни бир неча маротаба кўздан кечиргани боргани ҳақида хабарлар ёзганди.

Ушбу лойиҳанинг қиймати 289 миллион доллардан зиёдга баҳоланган. Шаҳарча майдони 100 гектар. Бу ерда 10 минг ўринли енгил атлетика ва футбол стадиони, 6 та ёпиқ ва 7 та очиқ спорт иншоотлари, сув спорти саройи, велотрек, яккакураш, жамоавий спорт мажмуалари барпо этилиши кўзда тутилган.