Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров 26 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларининг иш ҳақини ошириш тўғрисидаги саволга жавоб берди.

Қизилгул Қосимова.Қизилгул Қосимова.

Халқ демократик партиясидан сайланган депутат Қизилгул Қосимова ўқитувчи ва шифокорларнинг маоши бошқа соҳаларга нисбатан пастлиги туфайли малакали кадрлар хусусий секторга ўтиб кетаётганини таъкидлади. У давлат муассасаларидаги тиббий ва таълим хизматлари сифатига паст маошларнинг салбий таъсири бўлиши мумкинлигидан хавотир билдирди. Парламент аъзоси, шунингдек, ушбу соҳаларни ривожлантириш учун 2025 йилга мўлжалланган давлат б юджетида қандай чора-тадбирлар кўзда тутилганини сўради.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров президент халқаро сертификатга эга тиббиёт ходимлари юқорироқ маош олиши мумкин бўлган тартибни ишлаб чиқишни топширганини маълум қилди. Худди шундай тизим халқ таълимида ҳам амал қилмоқда: ўқитувчиларнинг кам қисми (1,1 фоизи) халқаро сертификатлар мавжудлиги ва малака синовларида юқори натижаларга эришгани учун қўшимча тўловлар ҳисобига 1000 доллар миқдорида маош олмоқда.

«Иш ҳақининг қанчаси кўп ёки қанчаси кам эканининг ўзи ҳам жуда мураккаб саволдир. Эҳтимол, шифокорларни сертификатлаш, уларнинг малакасини баҳолаш керакдир. Бу йил ўқитувчи ва шифокорларнинг иш ҳақи 15 фоизга ошди. Сўнгги 6−7 йил ичида барча соҳаларда иш ҳақи сезиларли даражада ўсди. Лекин президентимиз бу миқдор етарли эмас деяптилар. Бу ҳам ўқитувчилар, ҳам соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари учун тегишли», — деди у.

Жамшид Қўчқоров.Жамшид Қўчқоров.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги раҳбари «иш ҳақини ошириш самарадорлиги» масаласини мураккаб дея баҳолади.

«Савол шундаки, агар биз барча ходимларнинг иш ҳақини 15 фоизга, 40 фоизга ёки 50 фоизга оширсак, бу кутилган натижани берадими? Замон билан ҳамнафас, юқори малакали, ўз ишини сидқидилдан бажараётган тиббиёт ходимларининг ойлик маошини ошириш бўйича топшириқлар берилди. Очиғини айтсам, ҳозир бизда ечим йўқ, акс ҳолда буни айтган бўлардик. Биз бунинг устида ишлаяпмиз. Мен ўз фикримни тушунтиришга ҳаракат қиламан. Асосий муаммо кимга ва нима учун юқори маош тўлаш кераклигини аниқлашдир. Бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда иш олиб боряпмиз», — деди Жамшид Қўчқоров.

Вазир, шунингдек, 2025 йилга мўлжалланган макроиқтисодий прогнозлар тақдимоти чоғида президент соғлиқни сақлаш соҳасига, жумладан, юқори малакали тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантиришни сезиларли даражада яхшилашга бир неча бор тўхталиб ўтганини айтди.

Январь-сентябрь ойлари якунларига кўра (1 октябрдан иш ҳақининг ошиши ҳисобга олинмаган) Ўзбекистонда ўртача номинал иш ҳақи 5,1 миллион сўмдан ошди. Ўсиш суръати 18,5 фоиздан 16,4 фоизгача секинлашди.

Энг паст ўртача ойлик иш ҳақи ҳамон соғлиқни сақлаш соҳасида — 2,92 миллион сўмдан 3,3 миллион сўмгача (ўтган йилдаги 16,4 фоизга нисбатан 12,9 фоизга ўсиш) ва таълим соҳасида — 3,05 миллион сўмдан 3,48 миллион сўмгача (17 фоизга нисбатан 14,3 фоиз ўсиш) қолмоқда. Ўқитувчи ва шифокорлар иш ҳақининг ўсиш суръати ҳам бироз секинлашди, натижада бу соҳалардаги иш ҳақи билан республика даражасидаги иш ҳақи ўртасидаги фарқ ошди.

Хусусан, 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида таълим соҳасидаги иш ҳақи республика даражасидан 30,3 фоиз бандга паст бўлган бўлса, 2024 йилнинг тўққиз ойи якунига кўра бу фарқ 32,4 фоиз бандга етди. Соғлиқни сақлаш соҳасида эса шу давр мобайнида фарқ 32,7 фоиз банддан 35,9 фоиз бандгача ошди.