Шавкат Мирзиёев 21 ноябрь куни «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.

Ҳужжат билан Жиноят-процессуал кодексига, Фуқаролик-процессуал кодексига, Иқтисодий процессуал кодексга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга рақамли далиллар тушунчаси, рақамли далилларни тўплаш, тақдим этиш, мустаҳкамлаш, кўздан кечириш, текшириш ва баҳолаш, уларни сақлаш, қайтариш ҳамда йўқ қилиш тартибини белгиловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Бундан ташқари, «Нотариат тўғрисида»ги, «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги ва «Суд экспертизаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларида рақамли далилларни гувоҳлантириш ва уларни текшириш тартиби назарда тутилмоқда. Ушбу қонун фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилади, дейилади ҳужжат матнида.

Хусусан, жиноят иши доирасида гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва бошқа шахслар электрон маълумотларни ушбу маълумотларнинг кўчирма нусхасини электрон жисмдан электрон маълумотлар мавжуд бўлган бошқа электрон жисмга олиш орқали тақдим этишга ҳақли.

Маълумот учун, электрон маълумотлар электрон қурилмалардан ва ахборот тизимларидан, шунингдек, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда яратиладиган, ишлов бериладиган ҳамда сақланадиган маълумотлардир.

Терговга қадар текширувни амалга ошираётган органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд тақдим этилган электрон маълумотларни мутахассис иштирокида қабул қилиб олади ҳамда электрон маълумотлар мавжуд бўлган бирламчи электрон жисмларни кўздан кечиради.

Иш учун аҳамиятга эга бўлмаган электрон маълумотлар мавжуд бўлган электрон жисмлар эгаларига дарҳол қайтариб берилади.

Иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган электрон маълумотлар, шу жумладан, электрон тарздаги файллар, аудио, видеоёзувлар, интернет тармоғида сақланаётган маълумотлар, шунингдек, бошқа электрон маълумотлар рақамли далиллардир.

Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга, башарти унинг яхлитлиги ва айнан ўхшашлиги сақланса, йўл қўйилади. Рақамли далилдан кўчирма нусха олишга йўл қўйилиши ўзидан мазкур кўчирма нусха олинган рақамли далилнинг асли мавжудлиги билан таъминланади.

Гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ва бошқа шахслар рақамли далилларнинг кўчирма нусхаларини қоғозда чоп этилган шаклда тақдим этиш ҳуқуқига эга. Бунда рақамли далилнинг қоғоздаги шакли ёзма далил деб ҳисобланиши мумкин эмас.

Терговга қадар текширув, суриштирув, тергов ва суд жараёнида тузилган процессуал баённомаларга илова қилинган, электрон маълумотлар тарзида шакллантирилган аудио, видеоёзувлар ҳам рақамли далиллар ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 27 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилганди.

Рақамли далилларга оид қонун лойиҳаси парламентга учинчи марта киритилмоқда, чунки аввалги икки уриниш (2022 йил июнь ва 2023 йил ноябрь ойларида) рад этилган.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қонун билан Жиноят-процессуал кодексига 202−2 моддаси қўшилиши депутатлар эътирозига сабаб бўлганди. Модда билан «корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслар томонидан рақамли маълумотларни терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахси суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суднинг талабига кўра электрон маълумотларни ўз ихтиёрида бўлган воситалар билан бирга тақдим этиши шартлиги» келтириб ўтилганди.

Маъруза қилувчи депутат, Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Даврон Ориповнинг қайд этишича, юқоридаги норма лойиҳадан чиқариб юборилган. Иккинчи ўқиш учун қонун лойиҳаси такомиллаштирилган.

Қонун номи ва матнидаги «электрон (рақамли)» сўзлари «рақамли» сўзи билан алмаштирилган. Шунга кўра, иккинчи ўқишга «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига рақамли далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ном билан тақдим этилгани таъкидланган.

Қонун депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинган. Унда депутатларнинг 118 нафари маъқуллади, 2 нафари овоз бермаган. Қонунни учинчи ўқишда ҳам қабул қилиш таклифи билдирилди ва овозга қўйилган. Овоз бериш жараёнида маъқуллаганлар сони ўзгаришсиз қолган.