25 ноябрь куни Тошкент шаҳри кўчалари бўйлаб пулли автотураргоҳларни ташкил этиш ҳуқуқи учун савдолар бўлиб ўтди. E-auksion платформасида хабар қилинишича, аукцион 2 соат 10 дақиқа давом этган ва 22 та таклифдан сўнг якунланган. Ғолибликни Balcomuz компанияси қўлга киритган бўлиб, у лот учун 120,15 млрд сўм таклиф қилган. Бу бошланғич нархдан (57,2 млрд сўм) 2,1 баробар юқоридир.
Юридик шахсларнинг ягона давлат реестри маълумотларига кўра, Balcomuz 2020 йилнинг январь ойида Тошкентнинг Яшнобод туманида рўйхатдан ўтган. Компаниянинг асосий фаолият йўналиши ресторанлар ва озиқ-овқат етказиб бериш хизматлари ҳисобланади.
Компания сайтидаги маълумотларга кўра, Balcom’га 2019 йилда асос солинган ва «Япония анъаналарини Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётган иқтисодиётига интеграция қилиш борасида инноваторига айлангани» айтилган.
Компания Ўзбекистон бўйлаб қатор лойиҳаларни амалга оширган. Улар орасида Central Park истироҳат боғи, «Море» сув мажмуаси, Тошкентдаги TheBani ҳаммом мажмуаси, Наманган шаҳридаги Oxygen Development кўп қаватли турар жой ва савдо биноси, Balcomsoft IT-хизматлари компанияси ва Flamingо ресторани бор.
Таъсисчилар Япониянинг Balcom компанияси (60 фоиз), шунингдек, Авазбек Шокиржон ўғли Нуриддинов (20 фоиз), Бобур Ахатович Акрамов (10 фоиз) ва Анвар Олим ўғли Ҳошимов (10 фози) ҳисобланади.
Компания раҳбари Авазбек Нуриддинов бўлиб, у ҳам юқоридаги таъсисчилар билан биргаликда Kunugi компаниясида улушга эга.
Пулли автотураргоҳлар ҳақида
13 ноябрь куни «Газета.uz» Тошкентда пулли автотураргоҳларни ташкил этиш ҳуқуқини берувчи аукцион эълон қилингани ҳақида хабар берганди.
Битта лот доирасида шаҳарнинг барча туманларида жами 262,8 минг квадрат метр майдонни ижарага бериш режалаштирилган. Шундан 6571,3 квадрат метри метро бекатларидан 200 метр радиусда жойлашган. Топографик харитага кўра, гап умумий узунлиги 111,6 километр бўлган 86 участка ҳақида кетмоқда:
- пойтахтнинг марказий қисмида (жумладан, Амир Темур хиёбони, Мовароуннаҳр, Истиқлол, Яҳё Ғуломов, Ўзбекистон овози, Истиқбол, Содиқ Азимов, Тарас Шевченко, Шаҳрисабз, Яккачинор, Шастри, Маҳатма Ганди, Ҳамид Олимжон, Чехов ва бошқа кўчалар);
- Учтепа ва Чилонзор туманларида (Кичик ҳалқа автомобиль йўли, Фарҳод, Лутфий, Чўпонота, Муқимий, Қатортол, Чилонзор, Арнасой, Есенин, Бешқайрағоч кўчалари);
- Сергели ва Янгиҳаёт туманларида (Янги Сергели, Турсунзода, Алавия, Шокирариқ, Ислом Сатторов, Қипчоқ, Қўрғонтепа, Биродарлик кўчалари);
- Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида (Лабзак, Себзор, Гулобод, Форобий, Белтепа, Қорақамиш, Қорасарой, Шимолий Олмазор кўчалари);
- Бектемир туманида (Ҳусайн Бойқаро кўчаси);
- Миробод тумани (Янги Қўйлиқ кўчаси);
- Яшнобод туманида (Оҳангарон йўли кўчаси, Қуйи Талариқ, Сивец, Қурувчилар кўчалари).
Майдонларнинг асосий қисми Миробод (71,9 минг кв метр), Яккасарой (36,5 минг кв метр), Сергели (29,5 минг кв метр), Шайхонтоҳур (27,8 минг кв метр) ва Олмазор (26,7 минг кв метр) туманларига тўғри келади.
Ижара муддати 36 ойни ташкил этади. Дастлабки икки йил ичида ижарачи автотураргоҳларни жиҳозлаш, паркоматлар ва ҳаракатни ташкил этиш воситаларини ўрнатиш, шунингдек, коммуникация ва алоқани амалга ошириш учун камида 5 млн доллар сармоя киритиши керак.
Йиллик ижара бошланғич нархи 57,21 млрд сўмни ташкил этади.
Тошкент шаҳри ҳокими қарори билан пулли тўхтаб туриш жойларини ташкил этиш тартиби ва транспорт воситаларининг пулли тўхтаб туриш жойларидан фойдаланганлик учун тўловлар миқдорлари тасдиқланганди. Тўловлар тариф зоналарига кўра бир соат учун 5 минг сўмдан 12 минг сўмгача этиб белгиланган.
Ҳужжатга кўра, лойиҳа биринчи босқичида — 2025 йил август ойи охирига қадар 13,2 мингта пулли автотураргоҳ жойи яратиш режалаштирилган, бу эса умумий 84 минг жойнинг 15 фоиздан кўпроғини ташкил этади.
«Газета.uz» бунга қадар ҳам Тошкентдаги тартибсиз автотураргоҳлар муаммолари ҳақида бир неча бор ёзган эди. Автомобиллар жамоат жойларини эгаллаб, пиёдалар йўлакларида пиёдалар йўлини тўсиб қўяди, жамоат транспорти ҳаракатига тўсқинлик қилади, автобус бекатларига кириш ва ажратилган йўлакларни тўсиб қўяди.
2021 йилда пулли автотураргоҳ ташкил қилиш бўйича тендерда ғолиб бўлган компания вакили билан интервью ҳам эълон қилинган.