Шавкат Мирзиёев 15 ноябрь куни аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия билан узлуксиз таъминлаш, тармоқ корхоналарида самарадорликни ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Бу вазифалар 10 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда белгилаб олинганди. Бундан 10 кундан сал кўпроқ вақт олдин, 4 ноябрь куни президент энергетика комплекси раҳбарлари билан энергетика соҳаси корхоналарининг куз-қиш мавсумига тайёргарлигини муҳокама қилган эди. Жума куни масъул шахслар амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди.
Аҳолининг ва иқтисодиёт тармоқларининг ортиб бораётган талабига мос ҳажмларда газ етказиб берилаётгани қайд этилди.
«Тармоқлар модернизация қилинаётгани, иқтисодиётда энергия самарадорлик оширилаётгани натижасида йўқотишлар камаймоқда. Масалан, сўнгги йилларда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун газ сарфи 1,6 баробар камайган. Олдинда яна кўп вазифалар бор. Ҳозирги мавсум ва келгуси йилларда аҳолини энергия манбалари билан барқарор таъминлаш, бунинг учун етарли захира тайёрлаш зарур», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Ҳисоб-китобларга кўра, жорий йил қиш мавсумида истеъмолчиларга 21 миллиард куб метр газ етказиб берилади. Таққослаш учун: 2020 йилнинг куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга 24,9 миллиард куб метр газ етказиб бериш режалаштирилган эди.
Ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетса, аҳоли эҳтиёжи янада ошади. Мутасаддилар бу борадаги режаларни ойма-ой ва туманлар кесимида баён этди.
Аввалроқ энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида асосий ва пессимистик сценарийлар ишлаб чиқилгани ҳақида хабар берган эди. Фавқулодда вазиятларда -20 даражадан паст ҳарорат бўлганда йирик истеъмолчилар ва ёқилғи қуйиш шохобчаларига газ етказиб бериш чекланади, мазутдан фойдаланиш кўпаяди, йирик корхоналарни энергия билан таъминлаш чекланади.
Ижтимоий муассасалар ва корхоналарни энергия билан узлуксиз таъминлаш учун алоҳида захира инобатга олинган. Маълум қилинишича, ушбу табиий газни иссиқлик электр станциялари, кимё ва металлургия корхоналари, газ қуйиш шохобчаларига манзилли етказиш бўйича тизим ташкил этилган.
Президент тармоқларда газ ҳисоби ва назорати бўйича бошланган ишларни қатъий давом эттириб, йўқотишларни янада камайтириш мумкинлигини таъкидлади. Андижон, Навоий ва Тошкент вилоятларида газни тежаш бўйича аниқланган имкониятларни бошқа ҳудудларда ҳам амалга ошириш вазифаси қўйилди.
Давлатимиз раҳбари мутасаддиларга ишни туман ва маҳаллалар миқёсида ташкил этиб, энергия таъминоти билан боғлиқ масалаларни жойида ҳал қилиш, талаб ва истеъмолни мувофиқлаштириб, узилишларнинг олдини олиш бўйича кўрсатмалар берди.
Йиғилишда газ соҳасидаги трансформация жараёнларига ҳам тўхталиб ўтилди. Тармоқ корхоналари халқаро молия бозорига чиқиб, модернизация учун маблағларни мустақил жалб этиши белгиланди.
«Газ тармоқларини янгилаш ва тартибга солишда энг катта имконият — рақамлаштириш ва хусусий шериклик. Шу нуқтаи назардан, тармоққа хусусий операторларни жалб қилиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.», — дейилади хабарда.
Президент ҳар бир тармоқ ва унинг корхоналари кесимида таннархни камайтириш, харажатни мақбуллаштириш ва трансформация жараёнини тезлаштириш бўйича топшириқлар берди. Етакчи хорижий компанияларни жалб этиб, геология-қидирув ишларини кенгайтириш муҳимлиги айтилди.
Президентнинг 30 августдаги 2024−2030 йилларда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги электр ва газ тақсимлаш тармоқларини хусусий операторлар бошқарувига бериш режалаштирилмоқда. Энергорегулятор раҳбари Шерзод Хўжаев электр тармоқларини нима учун хусусий секторга бериш кераклигини тушунтирганди.