«Ўзбеккосмос» агентлиги Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги «Янги ҳаёт» аэродромида космик технологиялар ва инжинирингга иштиёқи баланд мактаб ўқувчилари учун CanSat типидаги сунъий йўлдошларнинг синов парвозларини ўтказди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Лойиҳа хорижий ҳамкорлар, шунингдек, NazarX маркази ва Sehriyo мактаби билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
100 дан ортиқ ёш иштирокчи ўзининг мини-спутникларини ишлаб чиқди. Дронлар ёрдамида модуллар 200 ва 500 метр баландликка кўтарилди, у ерда баландлик, ҳарорат, босим ва инклинометрия ҳақидаги маълумотлар қайд этилди.
«Ушбу технологик ютуқлар орқали иштирокчиларнинг космик тадқиқотларга илк қадамлари қўйилди», — дейилади хабарда.
CanSat — бу оддий сода идишининг ҳажми ва шаклига бирлаштирилган ҳақиқий сунъий йўлдош модели. Талабалар олдига қўйиладиган вазифа — сунъий йўлдошда жойлашган қувват ва алоқа каби барча асосий қуйи тизимларни 350 мл лик банкага сиғдиришдир. Ракета ёки боғланган аэростатдан қўйиб юборилгандан сўнг, CanSat маълум бир миссияни бажариши ва ерга хавфсиз қўниши керак.
Бундан ташқари, тадбир доирасида иштирокчилар томонидан тайёрланган пневма-гидро ракеталарнинг учирув танлови ҳам бўлиб ўтди. «Ёшларнинг ўз қўллари билан тайёрлаган ракеталари осмон узра кўтарилиб, уларнинг илм-фанга бўлган иштиёқини янада юксакларга олиб чиқди», — таъкидланади «Ўзбеккосмос» хабарида.
CanSat лойиҳаси ёшларнинг илмий ва ижодий қобилиятларини ривожлантириш, уларни аэрокосмик соҳага жалб қилишнинг янги йўлларини очиш платформасига айланди, дея таъкидлади агентлик.