Шавкат Мирзиёев Фаластин муаммосига бағишланган навбатдан ташқари араб-ислом саммитида нутқ сўзлади, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

«Минг афсуски, 2023 йили Ар-Риёд шаҳридаги тарихий йиғилишдан кейин ўтган вақт мобайнида ушбу адолатсиз ва қонли уруш кўлами янада кенгайди», — деди Ўзбекистон президенти.

«Дунё ҳамжамиятининг қатъий ҳаракат ва чақириқларига қарамасдан, халқаро меъёрлар ва резолюцияларнинг қўпол равишда бузилиши давом этмоқда. Уруш олови эндиликда Ливан ҳудудини ҳам қамраб олгани барчамизни қаттиқ ларзага солмоқда», — дея қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев.

«Минг-минглаб бегуноҳ болалар, аёллар ва кексалар ўлимига сабаб бўлаётган бу вайронкор ва мудҳиш ҳужумлар инсоният янги тарихининг энг қора саҳифасига айланмоқда. Ижтимоий инфратузилма объектлари, мактаб ва шифохоналар, масжидлар, бутун бошли шаҳарлар йўқ қилиб ташланаётгани, миллионлаб тинч аҳоли бошпанасиз қолиб, очарчилик ва касалликларга маҳкум бўлаётганини изтиробсиз кузатиш мумкин эмас», — деди Ўзбекистон раҳбари.

бмт, фаластин

«Энг ёмони, ҳаммамиз гувоҳ бўлаётганимиздек, ушбу фожиага нисбатан халқаро майдонда икки хил стандартлар асосида ёндашилмоқда. Бу эса урушнинг кенг ёйилиб кетиш эҳтимолини кескин оширмоқда, халқаро хавфсизликка жиддий рахна солмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти республика «Фаластин — Исроил муаммосини тинчлик ва дипломатия йўли билан ҳал этишга қаратилган барча амалий ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини» таъкидлади.

«Бу борада бугунги саммитимизда умумий сиёсий ирода ва бирдамликни намоён этиб, глобал ва минтақа даражасида самарали механизмлар ва аниқ ечимлар ишлаб чиқиб, ҳаётга тезроқ жорий этилишига ишонамиз», — деди у.

Гап, энг аввало, БМТ ва Хавфсизлик кенгашининг мазкур кўп йиллик низони ҳал этишдаги ўрни ва таъсирини тубдан ошириш ҳақида бормоқда, тушунтирди давлат раҳбари. «Ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, хавфсиз гуманитар йўлакларни таъминлаш ва энг асосийси — тинчлик музокараларини бошлаш масалалари бу универсал халқаро тузилманинг доимий эътибор марказида туриши мақсадга мувофиқдир», — деди Ўзбекистон президенти.

Шавкат Мирзиёев 15 ноябр куни Фаластин халқи ўзининг миллий байрами — Фаластин Давлати эълон қилинган кунни нишонлашини эслаб ўтди.

«Аминманки, бу қадимий ва бой тарихга эга халқ 1967 йилдаги чегаралар доирасида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил ва озод давлатини тузишга тўла ҳақлидир. Бу борада биз Саудия Арабистони ташаббуси билан ташкил этилган Икки давлат ечими учун глобал альянс фаолиятини ҳар томонлама маъқуллаймиз», — деди Ўзбекистон раҳбари.

бмт, фаластин

Шунингдек, у Фаластин ва Ливан ҳудудидаги мислсиз гуманитар инқирознинг олдини олиш мақсадида давлатлар томонидан ҳамда етакчи халқаро ташкилотлар доирасида ёрдам кўламини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

«БТМнинг катта тажрибага эга бўлган махсус агентлиги ва бошқа институтлари фаолиятига зарурий кўмакни ошириш тарафдоримиз», — деди президент.

Урушдан жабр кўрган фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистондаги клиникаларда бепул даволашга тайёр эканимизни билдирамиз, деди Шавкат Мирзиёев.

«Биз Фаластин халқига амалий ёрдам кўрсатиш масалаларини келгуси йили Самарқандда ўтадиган „Кўрфаз араб давлатлари — Марказий Осиё“ саммитида ҳам муҳокама қилиш ниятидамиз», — деди давлатимиз раҳбари.

Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбари Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида ал-Ақсо масжиди ва Қуддуасдаги бошқа ноёб тарихий-маданий ёдгорликларининг дахлсизлигини таъминлаш ва уларни бешикаст сақлаш қолиш масалаларига катта эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.