Ноябрь Ўзбекистоннинг куз-қиш мавсуми учун муҳим ой ҳисобланади. Биринчидан, бу ойдаги ёғин миқдори лалми ва суғорма кузги буғдой унуви учун, шунингдек, кейинги йилги суғориш мавсуми учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шунингдек, айнан ноябрда ҳаво ҳароратининг тўсатдан кескин пасайиши энерготармоқнинг қишки қаҳратонга қанчалик тайёр эканини ҳам кўрсатиб беради.
Бундан ташқари, ноябрь ва декабрь ойларида ҳаво оқимлари ҳаракатидаги кескин ўзгаришлар, қисқа вақт ичида атмосфера босимининг бирдан ўзгариши одамларнинг ички қон босимига сезиларли таъсир қилади, қон босими билан оғриган беморлар айниқса шу ойларда жуда қийналади, бу билан боғлиқ ўлимлар ҳам нисбатан кўпаяди. Статистика бўйича ҳам Ўзбекистонда энг кўп ўлимлар — июль-август ойларини ҳисобга олмаса — айнан ноябрь-декабь ойларида юз беради.
Манба: Статистика агентлиги
Ла-Нинья ва Эль-Ниньо жараёнлари
Сўнгги йилларда узоқ муддатли об-ҳаво прогнозларини тузишда энг ишончли усуллардан бири — бу Тинч океани марказида сув ҳароратининг ўзгариши билан боғлиқ Эль-Ниньо («Болакай») ва Ла-Нинья («Қизалоқ») ҳодисаларини кузатишдир. Уларнинг турли даражада шаклланиши минтақалардаги умумий мавсумий об-ҳаво ўзгаришларини олдиндан, юқори аниқликда прогноз қилиш имконини беради (аммо бу усул билан минтақалардаги қисқа муддатли совуқлик ва иссиқлик аномалияларини вужудга келтирувчи оқимларнинг шаклланишини олдиндан юқори аниқликда тахмин қилиб бўлмайди).
Ҳозирда Тинч океани марказида сув ҳароратининг пасайиши, яъни Ла-Нинья феноменига ўтиш жараёни юз бермоқда. Ла-Нинья қишлари минтақамиз об-ҳавосига бироз қуруқ ва совуқроқ иқлимий муҳитни беради. Ўтмишда у фаоллашган даврларда (хусусан, Ўзбекистонни ҳам ўз ичига олувчи) Шимолий яримшарда тўсатдан аномал совуқликни келтириб чиқарувчи антициклонлар фаоллиги ортган.
Жорий Ла-Нинья ҳам қишда тўсатдан узоқроқ муддатга ҳароратни кескин пасайтирувчи арктик совуқ оқимларини тақдим этиши турган гап. Аммо бу ҳозирда Эль-Ниньо феномени сўнишидан сўнг атмосферада сув буғи ортиб, ҳарорат глобал миқёсда исиб бораётган бир пайтда умумий қиш ойлари совуқ бўлишини англатмайди.
Ҳароратни бирдан кескин пасайтириб юборувчи арктик совуқ оқимлар Ўзбекистонга одатда январь ойида етиб келади ва энергетика тармоқларида турли муаммоларни келтириб чиқариши эҳтимоли бор. Шунинг учун ҳам куз-қиш мавсуми учун узоқ муддатли об-ҳаво прогнозларини ишлаб чиқишда шимолдан кириб келадиган арктик совуқ оқим ва совуқ антициклонал жараёнлар шаклланишини олдиндан тахминий билиш жуда зарур.
Ўзбекистонга қўшни мамлакатларда ноябрь ойида кутилаётган об-ҳаво прогнози
Қишимиз совуқ бўладими-йўқми — бу Ўзбекистонга «интилаётган» совуқ ҳаво оқимларининг «йўли»да жойлашган шимолий қўшниларимиз об-ҳавосига бевосита боғлиқ. Шундай экан, дастлаб Россия ва Қозоғистон об-ҳаво бюролари прогнозларини кўриб чиқсак.
«Росгидромет» ноябрь ойида Россиянинг асосий текислик ҳудудларида ой давомида ҳарорат бироз юқори бўлиши, фақат Москва ва Санкт-Петербург каби йирик шаҳарлар атрофи ва Россиянинг шарқида ноябрь совуқ ўтишини прогноз қилган.
Россиялик синоптиклар Ўзбекистон учун ҳам ойлик ҳароратнинг ойлик нормага нисбатан четланишини ҳисоблаб чиққан бўлиб, ноябрда Ўзбекистоннниг асосий аҳоли истиқомат қилувчи вилоятларида ойлик ўртача ҳарорат белгиланган нормадан 1 даража юқори, яъни «илиқ» бўлиши таъкидланган. Республика шимолида, Қашқадарё ва Бухоро вилояти чўлларида эса ноябрь ойи ҳарорати кўп йиллик ўртача ҳарорат каби бўлиши прогноз қилинган.
Манба: «Meteoinfo.ru»
Ёғингарчилик режими бўйича эса Россияда ноябрь бирмунча нам келиши тахмин қилинган. Россиянинг катта қисмида ойлик ёғин кўп тушади. Айни вақтда, рус синоптиклари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ёғингарчилик ойлик нормадан бироз кам бўлишини прогноз қилган. Бир сўз билан айтганда, россиялик мутахассислар ноябрь ойи Ўзбекистон учун бироз қуруқ ва ҳарорат режими бўйича илиқроқ бўлишини тахмин қиляпти.
Манба: «Meteoinfo.ru»
«Қазгидромет» ноябрда Қозоғистоннинг катта қисмида ёғингарчилик меъёр даражасида бўлишини, хусусан, шимолий вилоятларда ёғинларга бой намгарчил, Ўзбекистон билан чегарадош жанубий вилоятларида эса бироз қуруқ, камроқ ёғингарчилик кузатилишини прогноз қилган.
Қозоқ синоптиклари ҳарорат режими бўйича ой давомида меъёрий ноябрь ойига хос вазият бўлишини тахмин қилган. Аммо ойнинг иккинчи ярмида совуқ ҳаво оқимларининг мамлакатга чуқур кириб келиши натижасида Марказий ва Шимолий Қозоғистонда тунда ҳарорат -24 даражагача, Ўзбекистон билан бевосита чегарадош жанубий вилоятларда эса -15 даражагача совиб кетишини маълум қилган.
«Қирғизгидромет» хизмати томонидан Қирғизистоннинг шимоли — Чу ва Талас вилоятларида ойлик ҳарорат меъёрдан 1 даража паст бўлиши, бошқа вилоятларда сўнгги 30 йиллик ўртача ноябрь ойларига мос ҳарорат кузатилиши тахмин қилинган. Қирғизистоннинг Фарғона водийсидаги Ўзбекистон вилоятлари билан чегарадош ҳудудларида ўртача ҳарорат ой давомида +3…+7 даража илиқ бўлиши кутиляпти.
Қирғизистонда ноябрда ёғингарчилик миқдори меъёр атрофида бўлиши, Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларида ёғингарчилик ой давомида умумий 27 миллиметрдан 100 миллиметрга бўлиши прогноз қилинган.
Ўзбекистонда ноябрь ойида об-ҳаво қандай бўлади?
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ноябрь нисбатан совуқроқ келаётган эди. Аммо Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонда ўртача ойлик ҳаво ҳароратининг меъёр даражасида бўлиши Ўзбекистонда ҳам жорий ноябрь ҳарорати меъёрда бўлишини — ой илиқроқ кечишини англатади.
Айни вақтда, Россиянинг икки йирик шаҳри атрофида ноябрнинг совуқ бўлиши ва Қозоғистон марказида ноябрнинг иккинчи ярмидан ҳароратнинг -24 даражагача совиб кетиши кутилмалари шимоли-ғарбдан кириб келувчи ҳаво оқимлари таъсирида Ўзбекистонда ҳам тўсатдан ҳаво совиб кетишига доир хавотирларни беради. Аммо «Ўзгидромет» синоптиклари бу каби хавотирларга қўшилмайди. Хизматнинг ноябрь ойи учун ишлаб чиққан узоқ муддатли об-ҳаво пронозида ойнинг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида тунда ҳарорат нари борса -5 даражагача пасайиб кетиши таъкидланган.
Ўзбекистонда ноябрнинг кейинги 20 кунлигида ҳаво ҳарорати тунда, катта эҳтимол билан, +3…+8 даражадан, совуқ оқимларнинг минтақага кириб келиш муддатларида эса нолдан -5 даража совуққача пасайиши тахмин қилинади. Кундузи эса ҳарорат асосан +10…+15 даража, совуқ тўлқинларда эса +3…8 даража илиқдан, илиқ тўлқинларнинг минтақага кириб келишида +15…+20 даражагача кўтарилиши прогноз қилинган.
Ноябрнинг иккинчи ва учинчи ўн кунлигининг баъзи саналарида (асосан иккинчи декада ўртаси ва учинчи декада бошларида) ёғинлар ёғиши тахмин қилиняпти.
Замонавий иқлим моделлари Ўзбекистонда 7 ноябрдан 2 декабрга қадар ўртача ойлик ҳаво ҳарорати шу давр учун хос иқлимий меъёр атрофида бўлишини, ёғингарчилик масаласида республиканинг катта қисми қуруқ ўтишини прогноз қилган.
Прогнозларга кўра, жанубий вилоятларда, шунингдек, Самарқанд, Жиззах, Сирдарёда ёғингарчилик миқдори ноябрнинг охирига қадар кам бўлади, аниқроғи, ойлик нормага ҳам етмайди. Қолган ҳудудларда эса меъёрий ёғин тушиши кутилмоқда. Катта эҳтимол билан, Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудлари учун 5−6 ноябрь кунлари кузатилган сермаҳсул ёғингарчилик жорий ой учун энг аҳамиятли ва ҳал қилувчи бўлди.
Хулоса ўрнида қайд этиш мумкинки, Ўзбекистонда ноябрь ойи давомида ҳарорат режими бўйича меъёрий, ёғингарчилик бўйича эса қуруқроқ иқлимий муҳит кузатилиши кутилмоқда. Бу ойда кескин совуқлик аномалиясини келтириб чиқаридаган совуқ ҳаво оқимларининг Ўзбекистонга кириб келиш кутилмалари мавжуд эмас.
Такрор бўлса-да, шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, узоқ муддатли, хусусан ойлик об-ҳаво прогнозларининг ўзини оқлаш даражаси анча паст. Куз-қиш мавсумида ҳар бир ой учун 80 фоиздан юқори аниқликда прогноз бера оладиган усуллар ҳозирча мавжуд эмас.