Ҳафта бошида Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ об-ҳаво сақланиб туради, дея хабар берди «Ўзгидромет» матбуот хизмати.
11−12 ноябрь кунлари республика бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат Бухоро, Навоий вилоятларида ва республика жанубида 12 ноябрь куни кечга томон баъзи жойларда бироз ёмғир ёғади. Бу кунларда ҳаво ҳарорати кескин ўзгармайди ва кечаси +2−7 даража илиқ, кундузи 12−15 даража илиқ, айрим жойларда 17 даражагача илиқ бўлади.
13 ноябрда Ўзбекистон ҳудудига нам ва совуқ ҳаво массалари кириб келади. Республиканинг катта қисмида, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан ташқари, ёмғир ёғади, тоғли ҳудудларда қорга айланади. Кундузи ҳаво ҳарорати +5…+10 даражагача пасаяди.
13 ноябрь куни кечқурун ёмғир деярли ҳамма жойда тўхтайди. 14−15 ноябрь кунлари республика бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат Фарғона водийсида айрим жойларда 14 ноябрга ўтар кечаси бироз ёмғир ёғиши мумкин.
14−15 ноябрь кечаси ҳаво ҳарорати 0…+3 даражагача пасаяди, баъзи жойларда -2 даражагача тушади, 14 ноябрь кундузги ҳарорат +5…+10 даража, 15 ноябрь куни эса +8…+13 даража бўлиши кутилмоқда.
Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7−12 м/с тезликда эсади, 13 ноябрда баъзи жойларда 13−18 м/с гача кучаяди. Кечаси ва эрталаб баъзи жойларга туман тушиши мумкин.
Тошкентда: душанба ва сешанба кунлари ёғингарчилик кутилмайди. 13 ноябрь, чоршанба куни вақти-вақти билан ёмғир ёғади, шамол 10−12 м/с гача кучаяди. 14−15 ноябрда ёғингарчилик бўлмайди.
Ҳаво ҳарорати: 11−12 ноябрь кунлари кечаси +2…+5 даража, кундузи +12…+15 даража илиқ бўлади. Чоршанба кечаси ва кундузи +5…+8 даража атрофида. 14−15 ноябрь кунлари ҳарорат кечаси 0…-2 даража совуқ, кундузи +8…+11 даражагача тушиши кутилмоқда.