Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 8 ноябрь куни Тошкентдаги Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабда 2023/2024 ўқув йилида халқаро ва минтақавий фан олимпиадаларида ғолиб ва совриндор бўлган ўқувчилар ҳамда уларнинг устозларини тақдирлади, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

2023/2024 ўқув йилида халқаро фан олимпиадаларида ўзбекистонлик ўқувчилар 122 медални қўлга киритди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг қайд этишича, бу ўзбекистонлик ўқувчиларнинг халқаро фан олимпиадаларида шу кунгача қайд этган энг сермаҳсул натижасидир. Таққослаш учун, 2022 йилда ўзбекистонлик ўқувчилар халқаро фан олимпиадаларида 46 та, 2023 йилда эса 91 та медални қўлга киритган эди.

Фан олимпиадаларининг ғолиблари қандай тақдирланади?

Ўзбекистонда халқаро фан олимпиадаларининг ғолиблари президентнинг 2024 йил 30 сентябрдаги «Иқтидорли ёшлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан мукофотланади. Совриндор ўқувчилар билан бирга уларни олимпиадага тайёрлаган ўқитувчи ва мураббийлари ҳам бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади.

мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, фан олимпиадалари, халқ таълими, ҳилола умарова

Айни вақтда, исталган олимпиаданинг медали ҳам пул мукофоти билан тақдирланиш учун асос бўла олмайди. Ғолиб ва совриндорлари тақдирланадиган фан олимпиадаларининг рўйхати ҳам президентнинг юқорида таъкидланган қарори билан тасдиқланган ва унга 5 та энг нуфузли, 6 та халқаро ва 17 та минтақавий — жами 28 та олимпиада киритилган.

Пул мукофотининг миқдори ҳам айнан шу нуфузга қараб фарқ қилади. Масалан, энг нуфузли олимпиадада 1-ўринни олган ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 500 баробари (187,5 млн сўм), халқаро олимпиада ғолибига БҲМнинг 150 баробари (56,25 млн сўм), минтақавий олимпиада ғолибига эса БҲМнинг 12 баробари (4,5 млн сўм) миқдорида пул мукофоти берилади.

мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, фан олимпиадалари, халқ таълими, ҳилола умарова

Ўзбекистонлик ўқувчилар 2023/2024 ўқув йилида олимпиадаларда 122 та медални қўлга киритган бўлса-да, 8 ноябрдаги тақдирлаш тасдиқланган рўйхатга кирган олимпиадаларда қўлга киритилган 91 медаль бўйича бўлиб ўтди. Шунга ҳам эътибор бериш керакки, 91 медаль — 91 ўқувчи, дегани эмас. Баъзи ўқувчилар йил давомида бир неча фан олимпиадаларида иштирок этиб, совриндор бўлган.

Масалан, Китоб туманидаги 96-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Мадина Суюнова 65-Халқаро математика олимпиадасида бронза, 20-Халқаро Жаутиков олимпиадасида олтин, 9-Кавказ Халқаро математика олимпиадаси, 41-Болқон математика олимпиадаси ва Осиё-Тинч океани минтақаси математика олимпиадасида бронза медалларини қўлга киритди. Яъни, у битта энг нуфузли ва тўртта минтақавий олимпиадада совриндор бўлган — 91 медалнинг 5 таси биргина Мадина ҳисобига ёзилган.

Мадина Суюновага мукофотни АКТ вазири Шерзод Шерматов топширмоқда.Мадина Суюновага мукофотни АКТ вазири Шерзод Шерматов топширмоқда.

Шундай қилиб, 2024 йили энг нуфузли халқаро олимпиадаларда қўлга киритилган 11 та медаль (1 та олтин, 4 та кумуш ва 6 та бронза) учун:

  • олтин медаль соҳибига — 187,5 млн сўм, унинг ўқитувчисига — 168,75 млн сўм;
  • кумуш медаль соҳибига — 112,5 млн сўм, унинг ўқитувчисига — 93,75 млн сўм;
  • бронза медаль соҳибига — 75 млн сўм, унинг ўқитувчисига — 56,25 млн сўм берилди.

Райёна Иброҳимова (медаль билан).Райёна Иброҳимова (медаль билан).

Андижон шаҳридаги 4-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Райёна Иброҳимова Халқаро немис тили олимпиадасида олтин, Қарши шаҳридаги Президент мактабининг 10-синф ўқувчиси Жасурбек Ризоқулов эса Халқаро иқтисод олимпиадасида бронза медалини қўлга киритди. 2024 йилда энг нуфузли беш олимпиададан кейинги ўринда турувчи бу каби фан мусобақаларида бошқа медаллар қўлга киритилгани йўқ.

мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, фан олимпиадалари, халқ таълими, ҳилола умарова

Шундай қилиб, бунда:

  • олтин медаль соҳибига — 56,25 млн сўм, ўқитувчисига — 18,75 млн сўм;
  • бронза медаль соҳибига — 18,75 млн сўм, ўқитувчисига — 11,25 млн сўм берилди.

Минтақавий халқаро олимпиадалардаги 61 та медаль (10 та олтин, 15 та кумуш ва 36 та бронза) учун:

  • олтин медаль соҳибига — 4,5 млн сўм, ўқитувчисига — 18,75 млн сўм;
  • кумуш медаль соҳибига — 3 млн сўм, ўқитувчисига — 13,125 млн сўм;
  • бронза медаль соҳибига — 2,25 млн сўм, ўқитувчисига — 11,25 млн сўм берилди.

Умуман, 2024 йили Ўзбекистонда ўтказиладиган асосий олимпиадаларнинг вилоят ва республика босқичлари ғолиблари ҳамда барча турдаги халқаро фан олимпиадаларининг совриндорларини тақдирлаш учун давлат бюджетидан жами 9 млрд сўм ажратилган эди. Бу 2019 йилги миқдор (780 млн сўм)дан қарийб 11,5 баробарга кўп.

Пул мукофотларидан ташқари, халқаро ва минтақавий олимпиадаларда медаль олган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчиларига бир қатор имтиёзлар ҳам берилади.

мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, фан олимпиадалари, халқ таълими, ҳилола умарова

Жумладан, энг нуфузли халқаро олимпиадалар ғолиб ва совриндорлари Ўзбекистон олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида қабул қилинади. Улар кейинчалик ғолиб бўлган фанидан мактабларда ўқитувчи бўлиб дарс берса, лавозим маошига ҳар ой 150 фоиз устама олади (муддати чексиз, қанча фаолият юритса, шунча вақт давомида).

Уларнинг ўқитувчиларига эса келгуси ўқув йили учун бир йил давомида ҳар ой 200 фоизгача (медаль турига қараб 150, 175 ва 200 фоиз) устама белгиланади ва тўғридан-тўғри олий малака тоифаси берилади.

Халқаро (астрономия, география, иқтисод ва хорижий тиллар бўйича) ва минтақавий олимпиада ғолиб-совриндорлари эса Ўзбекистон олий таълим муассасаларига киришда ўз фанидан максимал баллга эга бўлади. Бу имтиёз уч йил амал қилади. Улар кейинчалик ғолиб бўлган фанидан мактабларда ўқитувчи бўлиб дарс берса, лавозим маошига 100 фоиз устама олади (муддати чексиз, қанча фаолият юритса, шунча вақт). Уни олимпиадага тайёрлаган ўқитувчининг малака тоифаси эса бир поғона кўтарилади.

Тақдирлаш маросими

Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан ўқитувчилар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари босиб ўтган йўллари ҳақида сўзлаб берди.

Моҳира Болтаева мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова билан бирга.Моҳира Болтаева мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова билан бирга.

23 ёшли Моҳира Болтаева кимё фани бўйича 2019 йилги халқаро олимпиадада кумуш медални қўлга киритган. Уч йилдан бери ўзи ҳам Тошкентдаги Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабда ўқувчиларни халқаро олимпиадаларга тайёрлаб келади. 2024 йилда Моҳиранинг ўқитувчилик фаолиятида рекорд қайд этилди — унинг уч ўқувчиси Халқаро кимё олимпиадасида олтин (Далер Раҳимов), кумуш (Аҳрорбек Баҳодиров) ва бронза (Миржаҳон Муҳаммадов) медалларни қўлга киритди.

«Мен ўқувчилар билан ишлашда уларнинг рўпарасида эмас, доим ёнида бўлишга ҳаракат қиламан. Ёш бўлганим ва улар бошдан кечираётган жараёндан ўзим ҳам ўтганим учун ўқувчиларим нималарни ҳис қилишини жуда яхши биламан. Уларни олимпиадаларга ҳам руҳан, ҳам ақлан тайёрлашга ҳаракат қиламан», — дейди Моҳира.

Устоз Моҳира Болтабоева ўқувчиси Далер Раҳимов билан бирга мукофотланмоқда.Устоз Моҳира Болтабоева ўқувчиси Далер Раҳимов билан бирга мукофотланмоқда.

Моҳира Болтабоева 2023/2024 ўқув йилининг ўзида ўқувчиларининг халқаро олимпиадаларидаги муваффақиятлари ортидан умумий 400 млн сўмдан ортиқ пул мукофоти билан тақдирланди (ўқувчиларнинг биргина Халқаро кимё олимпиадасидаги муваффақиятли иштирокининг ўзи устозга 318,75 млн сўм келтирган). Дарвоқе, Моҳира Болтаева 2022 йилда ўқувчиларининг ютуқлари учун 250 млн, 2023 йилда эса 350 млн сўм билан мукофотланган. Шу тариқа халқаро олимпиадаларда медаль соҳибларини тайёрлагани учун устоз уч йил ичида деярли 1 миллиард сўмга сазовор бўлди.

«Бутун Ўзбекистонда нафақат менга ўхшаган, балки мендан-да кучлироқ ёш мутахассислар бўлишини истайман. Қўйган мақсадларингиз сари олға интилинг. Чалғиманг, ҳеч бир стереотип сизни йўлингиздан қайтаролмасин!», — деди у ўз сўзида.

Моҳира устознинг ўқувчиларидан бири — Ибн Сино мактабининг 10-синф ўқувчиси Далер Раҳимов 56-Халқаро кимё олимпиадасида олтин медаль эгасига айланган эди. У бу йил 20-Халқаро ёшлар табиий фанлар олимпиадаси ва 58-Халқаро Менделеев олимпиадасида «кумуш»ларни ҳам олган. Далер ғолиблик учун қандай элементлар керак бўлгани ҳақида сўзлаб берди.

Далер Раҳимов ва мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова.Далер Раҳимов ва мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова.

«Аввало, ота-она эътибори: улар мени илмга қизиқтиришди ва доимо қўллаб-қувватлашди. Аниқ мақсад: мен ким учундир эмас, ўзим учун курашдим. Муносиб устоз: улар сабаб билим билан исталган эшикни очиш мумкинлигини тушундим. Тинимсиз меҳнат: асосий вақтим масалалар ичида ўтди. Йўқотишлар: ўйин-кулгулардан кечдим, дўстларимдан узоқлашдим, болалигим кимёдан иборат бўлди. Мағлубият: у мен учун мотивацияга айланди. Олимпиадаларни тўртта „кумуш“ билан тугатганим алам қилган, аммо китоб варақлашга барибир куч тополганман. Охири натижага эришдим», — деди у.

мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, фан олимпиадалари, халқ таълими, ҳилола умарова

Осиё-Тинч океани минтақаси бўйича информатика олимпиадасида бронза, 20-Халқаро Жаутиков олимпиадасида олтин медалга сазовор бўлган, умуман, шу вақтгача ўнлаб халқаро олимпиадаларда қатнашиб, бронза, кумуш ва олтин медалларни қўлга киритган Тошкентдаги Ал-Хоразмий мактаби 10-синф ўқувчиси Асилбек Суннатовнинг дадаси Ғаффор ака эса фарзандининг роҳатини у мактабда ўқиётганидаёқ кўрган оталардан бири эканлигидан фахрланишини айтди.

мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, фан олимпиадалари, халқ таълими, ҳилола умарова

«Касбим ветеринария врачи, аёлим ўқитувчи. Жуда ҳаяжондаман. Фарзандларимизга шунчалик эътибор кўрсатилгани бизни ҳам руҳлантирди. Ўғлим 12 ёшидан математика ва информатика билан чуқур шуғуллана бошлаган. Асилбек 7-синфлигида математика олимпиадасида Nexia-3 автомобилини ютиб олиб, менга совға қилганди. Ишонасизларми, ўша автомобилнинг калитини қўлимга тутқазганида, машинага ўтириб ҳаяжондан уни бошқара олмагандим», — деб эслади ота.

мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, фан олимпиадалари, халқ таълими, ҳилола умарова

Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова илм-фан туфайли Ўзбекистон байроғи халқаро майдонларда юксак кўтарилаётганини таъкидларкан, бунда устозлар меҳнати, ота-оналар қўлловининг ўрни чексиз эканига урғу бериб, уларга миннатдорлик билдирди.

«Фарзандларимизнинг илмга қизиқиши ошиб бораётгани барчамиз учун қувонарли. Ўзбекистон 2025 йилда Буюк Шарқ Ренессанси халқаро олимпиадасига, 2026 йили эса 58-Халқаро Кимё ҳамда 38-Халқаро информатика олимпиадаларига мезбонлик қилади. Ўзбекистонда ҳали бирор марта [бу даражадаги фан олимпиадалари] ўтказилмаган. Устозларимиздан ҳам, ўқувчиларимиздан ҳам бўлажак олимпиадаларга ҳам чуқур тайёргарлик кўришларини сўраб қолардим, — деди вазир.

мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, фан олимпиадалари, халқ таълими, ҳилола умарова

Тадбирда 2018−2021 йилларда халқ таълими вазири бўлиб ишлаган, айни вақтда АКТ вазири ҳисобланган Шерзод Шерматов ҳам сўзга чиқиб, ўқувчилар ва устозларнинг бундай ютуқларини кўрганида доим хурсанд бўлишини айтди ва 2026 йилги Информатика олимпиадасида олтин медални олиш кераклигини таъкидлади.

«Бу борада биздан нима [ёрдам] керак бўлса, Ал-Хоразмий мактабида барча шароитларни ҳозирлаб, бор кучимизни сарфлаймиз», — дея қўшимча қилди вазир.

Тақдирлаш маросимидан фотолавҳалар