Сенатнинг эллик тўққизинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 17 сентябрь куни қабул қилинган.
Қонун билан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили президентга, Олий Мажлис палаталарига ва Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар тақдим этиши белгиланмоқда.
Қонун билан омбудсманнинг қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқи жорий этилмоқда.
Шунингдек, омбудсман ва унинг ўринбосари ваколатлари, дахлсизлигининг қўшимча кафолатлари ҳам жорий этилиб, уларга юклатилган вазифаларнинг муаммосиз ва самарали бажарилиши қонунда мустаҳкамланмоқда.
Қонунда сайланиш куни ўттиз ёшга тўлган, камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси омбудсман лавозимига сайланиши мумкинлигини назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, омбудсман лавозимига номзодга қўйиладиган талаблар соддалаштирилиб, айрим (юксак ахлоқий сифатларга, олий маълумотга, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасида зарур тажрибага эга бўлиш) талаблар бекор қилинмоқда. Бунда ушбу мезонларни амалиётда аниқлаш турли тушунмовчиликка олиб келиши инобатга олинган.
Давлат органлари ва ташкилотларининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларини кўриб чиқиш билан боғлиқ йиғилишларида, шу жумладан Олий суд Пленуми мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи ҳам берилмоқда.
Шунингдек, Қонунда жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари ҳудудида «Омбудсман қутиси» тушунчаси киритилиб, унга озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг мурожаат қилишнинг ҳуқуқий механизми белгиланмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланиб, президентга юборилди.