Шаҳарни ривожлантиришга фуқароларни жалб этиш — бу шаҳар муҳити ва умуман кундалик турмушга алоқадор қарорларни қабул қилиш жараёнида аҳолининг фаол иштирок этишидир. Муҳокамалар, сўровномалар, жамоатчилик тадбирларида қатнашиб, шароитларни яхшилаш бўйича ўз лойиҳа ва ғояларини улашиш, ишга тушириш орқали шаҳар аҳли ҳудуддаги ўзгаришларнинг ҳаммуаллифига айланади. Буларнинг бари, ўз навбатида, ҳамма учун қулай ва ёқимли муҳитни шакллантиришга ёрдам беради. Тошкентда 14 октябрь куни бўлиб ўтган ARCHICA 2024 бешинчи Халқаро архитектура конгресси доирасида «Газета.uz» социолог Алиса Баранникова билан айнан шу мавзуда батафсил суҳбатлашди.
— Фуқароларни жалб этиш деганда сиз нимани тушунасиз?
— Жалб этиш деганда мен шаҳардаги ўзгаришлар билан боғлиқ бутун жараёнларда шаҳар стейкхолдерларининг барча гуруҳлари тўлиқ иштирок этишини тушунаман. Шаҳар стейкхолдерлари деганда турли бирлашма кўринишидаги одамлар — аҳоли гуруҳлари, ҳамжамиятлари, комьюнитилари, шунингдек, кичик, ўрта ва йирик бизнес, экспертлик ҳамжамиятлари, давлат муассасалари, ҳокимият ҳамда нодавлат-нотижорат ташкилотлар, диний ташкилотлар кўринишидаги тартибга солинган турли жамоат тузилмаларини тушуниш мумкин. Бу гуруҳларнинг бари у ёки бу кўринишда овоз бериш ҳамда шаҳарда юз бераётган ўзгаришларга таъсир қилиш имкониятига эга бўлмоғи керак.
— Оддий фуқаролар қандай қилиб шаҳар ривожига таъсир кўрсатиши мумкин?
— Жалб этилганлиликнинг оддий бохабар қилишдан бошлаб то ҳокимият ваколатларини бўлишишгача бўлган бир неча даражалари бор.
Бохабар қилиш — бу энг оддийси. Бу — стейкхолдерларнинг бўлажак ўзгаришлар ҳақида ахборот олиш ва ўз таклифларини киритиш ҳуқуқидир.
Ҳокимият ваколатларини бўлишиш — бу стейкхолдерларга маълум бир ҳудудни бошқариш ёки уни сақлаш ҳуқуқларини бериш. Одатда бу жамоат маконларига алоқадор нарса. Бу, агар гап юридик шахс мақомига эга бирор ташкилот ҳақида бўлса, ҳудудни унинг балансига ўтказиб бериш ёки қандайдир норасмий эгалик шаклини тақдим этиш бўлиши ҳам мумкин. Масалан, кўп қаватли уйлар орасидаги ҳовли одамлар ўз эҳтиёжидан келиб чиқиб ўзгартириши мумкин бўлган жой сифатида кўрилиши мумкин.
Бу даражалар орасида лойиҳа семинарлари, лойиҳани амалга оширишга жалб қилиш ва бошқа шу каби оралиқ босқичлар ҳам бор.
— Нима учун оддий фуқароларни бу жараёнларга жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга?
— Жалб этиш жараёнида шаҳар аҳли муаммоларни тезроқ аниқлаб, уларнинг ечимларини таклиф қилиши мумкин. Бу жараёнга жалб қилинган аҳоли ўзининг муҳим экани ва бераётган фойдасини англай бошлайди. Узоқ муддатли истиқболда бу манфаатли ҳам, чунки амалга ошириш жараёнида лойиҳа мумкин қадар камроқ низога дуч келади: лойиҳани ишлаб чиқишда қатнашган аҳоли унинг амалга оширилишини ҳам диққат билан кузатади, шаҳарда бўлаётган ҳодисаларга бефарқ қарамайди, ўзининг шаҳарга алоқадор эканлигини ҳис қила бошлайди.
Агар катта жамоат маконлари ҳақида гапирадиган бўлсак, масалан, йирик парклар мисолида, агар фуқаролар бу жараёнга жалб қилинса ва улар қандай ўзгаришларни хоҳлаётгани сўралса, кейин уларнинг истаклари рўёбга чиқарилса, эртага улар бу янги паркдан фойдаланишларига ҳам тўла ишониш мумкин.
Паркда ҳатто оддий бир йўлакча ҳам шу боғга қатнайдиган одамларнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб ётқизилса, кейин аҳоли сўровидан келиб чиқиб бу йўлакча бўйига бирор тижорат объектлари жойлаштирилса, бу кимгадир чиройли кўрингани учун қилинган йўлакча ва бизнес нуқталаридан кўра кўпроқ даромад, ўз навбатида, солиқ тушумларини келтиради.
Жалб этиш жамият ва ҳокимият вакиллари ўртасидаги ишонч даражасини оширади. Шаҳар учун умумий жавобгарлик ҳисси пайдо бўлади.
Бундан бошқа хулосалар ҳам бор. Фуқаролар жалб этилиши натижасида шаҳар муҳитидан сифатли фойдаланиш бошланади. Уларнинг иштироки бу муҳитга эҳтиёткорроқ муносабатда бўлишга таъсир қилади, ўз-ўзидан, фойдаланиш муддати ҳам узаяди.
Агар парклар ва пиёдалар йўлаклари ҳақида гапирадиган бўлсак, сайр учун шароитлар ҳозирлашни миллат саломатлиги ва умри давомийлигига ижобий таъсир қилувчи омил сифатида кўриш мумкин. Аммо бу авлодлар умри билан ўлчанадиган истиқбол ҳақидаги гап.
Жалб этилганлилик шаҳарларнинг инсон капиталига ҳам таъсир қилади. Масалан, кичик шаҳарлардан аҳолининг кўчиб кетиши суръати юқорироқ, одамлар у ерда қолишни хоҳлаши учун эса улар учун сифатли муҳит яратиш керак. Шунда шаҳардаги аҳоли сифати ҳам аста ўса бошлайди. Албатта, очилиш маросимидан сўнг бирдан ҳаммаси зўр бўлиб кетишини кутмаслик керак.
Бундан ташқари, жалб этиш — бу мастер-режани ишлаб чиқишнинг муҳим унсурларидан бири ҳам. Аҳоли, жойлардаги оқсоқоллар билан стратегик сессия (мулоқот)лар ўтказиш, улардан қадриятлар, турмушнинг маъно-мазмуни ҳақида сўраш муҳим аҳамиятга эга.
— Шаҳарни ривожлантириш мақсадида аҳолини жалб этиш ишлари билан ким шуғулланиши керак?
— Бирор бир лойиҳани амалга ошириш ташаббуси билан чиқаётган ҳар қандай шахс жалб этишдек восита борлигини ҳамда ундан у ёки бу даражада фойдаланиш лозимлигини ёдда тутиши лозим. Жалб этиш билан ҳамма, ким ташаббускор экани ва лойиҳа қайси бўғинда амалга оширилаётганига қараб — туман маъмурияти ҳам, бизнес ҳам, шаҳар ҳам шуғулланиши керак.
— Сизнинг назарингизда, Тошкент аҳолиси шаҳарни ривожлантириш жараёнига қанчалик жалб этилган?
— Бугун [Тошкентда] жалб этиш, қоида тариқасида, «юқоридан бошланган жараён» кўринишида юз бермоқда. Шаҳар маъмурияти ёки девелопер, ё бўлмаса бирор йирик стейкхолдер келади-да, «унинг ери»да яшаётган аҳолига шаҳар муҳитини ўзгартириш жараёнида қандай бўлса ҳам иштирок этиш ёки жалб этиш имкониятларини таклиф қилади.
Одамлардан узоқ вақт давомида ҳеч нарса сўралмаса, уларда норозилик тўпланиб боради, замонавий дунёда бу айниқса долзарб масала. Тошкентда одамлардан деярли ҳеч қачон ҳеч нарса ҳақида сўралмаган, шаҳарни қандай ривожлантириш кераклиги борасида — шаҳарни қўя туринг, ҳатто умумий ҳовли масаласида ҳам — уларнинг фикрига қизиқилмаган.
Фото: Яндекс.Харита
«Обод маҳалла» дастури бор, аммо бу имконият ҳақида ҳамма ҳам билмайди, ундан фойдаланмайди.
Биз («Тошкент Инвест»да — таҳр.) Халқаро керамика боғи бўйича сўров ўтказганимизда жалб этиш жараёнини ишга туширишга уриниб кўрдик. Сўровнома ўтказилган 4−5 кун давомида аҳолидан кўп таклиф ва фикрлар келди. Шундан келиб чиқиб, Тошкентда одамлар улардан фикр сўралишини жуда ҳам хоҳлайди, деган хулоса чиқариш мумкин. Улар шаҳар ҳаётида қатнашишга тайёр.
— Сўровнома нима ҳақида эди?
— Биз одамлардан улар шу боғда нималарни кўришни хоҳлашлари ҳақида сўрадик. Бу айнан жалб этишнинг энг бирламчи ва энг енгил даражаси — одамлардан нима хоҳлаётгани сўралади, кейин йиғилган таклифлар лойиҳага киритилади. Қизиғи, бу ҳудуд бўйича аҳоли фикри бир-бириникига ўхшаш, яқин чиқди. Биз Керамика боғини ўзгартириш ҳақидаги савол билан одамларга чиққанимизда, улар тахминан қандай жавоб бериши бўйича ўз тахминимиз бор эди. Биз ҳақ бўлиб чиқдик ва назариямизни ҳам тасдиқлатиб олдик. Ҳар хил ечимларни хоҳлайдиган ҳар хил гуруҳлар бор, деган нарса йўқ. Шундай экан, бундай жалб этиш жараёни лойиҳаларни амалга оширишни ҳам енгиллаштирган бўларди.
— Шаҳар аҳолисининг қайси бир истакларини алоҳида ажратиб кўрсатган бўлардингиз?
— Одамлар яшил ҳудудлар кўпроқ бўлишини, сокинликни, паркларда тижорий объектлар ва қурилишлар камроқ бўлишини хоҳлаяпти. Кимдир пиёдалар учун шароитлар сифати янада яхшироқ бўлсин деяпти, аммо бу ҳақда қайғураётганлар ҳозирча кўп эмас. Айрим арзимас деталларни ўзгартириб, боғни ўз ҳолича қолдиришни сўраганлар ҳам кўп бўлди.
— Менинг шахсий кузатувларимга кўра, Тошкентни ривожлантиришга доир муҳокамаларга асосан катта авлод вакиллари жалб этилади. Нега шундай ва бу нима билан боғлиқ?
— Бу ёшлар ишлаётгани, ўқиётгани, катта ёшли авлодда эса бўш вақт кўпроқ экани билан боғлиқ. Ҳафтада атиги битта дам олиш куни, дедлайнлари, бошлиқ ва молиявий мажбуриятлари бор одам шаҳар ривожи ҳақида ўйламайди. Бу аслида катта муаммо, чунки улар иқтисодий фаол аҳоли қатлами, уларнинг фикри жуда муҳим, аммо жалб этилганлилик масаласида бу гуруҳ энг нофаоли ҳам. Уларнинг вақти, имконияти йўқ.
Аммо ишлаётганларнинг ҳам фикрларни жамлаш имконини берувчи механизмлар мавжуд. Бу индивидуал интервьюлар, хонадонбай сўровлар бўлиши мумкин — уйма-уй юриб, уларнинг ўзидан нима хоҳлаётганликларини сўраб чиқилади ёки катта авлод вакиллари орқали тўлдириб бериш илтимоси билан уларга саволнома (анкета)лар қолдирилади. Яъни, барча иқтисодий қатлам ва ёшга мансуб аҳолининг жалб этилишига эришиш мумкин.
— Тошкентда шаҳарни ривожлантириш жараёнларига аҳоли ҳам жалб этила бошланишига умид борми?
— Тошкентда норозилик жуда кўп тўпланиб қолгани билан боғлиқ мураккаб жиҳат бор. Шаҳарда ҳозирча одамларни тўғри жалб этишга, жараён давомида муқаррар рўй берадиган низоларни ҳал қилишга имкон берувчи восита ва кўникма йўқ. Бу амалиёт энди-энди жорий этиляпти. Вақт ўтиши билан кўникма шаклланади, буни ташқи экспертлар қиладими ёки ўз кучларимиз пайдо бўладими — аҳамиятсиз, аммо аста-секин мулоқот йўлга қўйилади.
Жалб этиш — бу, биринчи галда, мувозанат ва мулоқот демак. Яъни, қандай қилинса, шаҳар аҳолиси маиший маънода сифатли муҳитга эга бўлади (масалан, болалар майдончасига бориш осон ва қулай бўлсин, синган бордюр бўлагига ҳеч ким қоқилиб кетмасин ва ҳоказо) ва шаҳар ўзининг иқтисодий фойдасини кўради — шудир масала.
Бу ё инвестициявий жозибадорлик, ёки солиқ сиғими билан боғлиқ бўлиши мумкин, аммо, шаҳар миқёсида фикр юритар эканмиз, биз унақасига ҳам, бунақасига ҳам барибир молиявий кўрсаткичларга таянамиз. Жалб этиш эса барча манфаатдор томонларга мувозанат ва қулайликка эришиш имконини берувчи мулоқот туридир.