Ўзбекистонда журналистнинг қонуний фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди, у яқин орада парламентга киритилади. Бу ҳақда Тошкентда бўлаётган «Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги» доирасида 19 октябрь куни АОКА директори Асаджон Ходжаев ОАВ вакилларига берган интервьюсида айтиб ўтди, дея хабар қилмоқда «Газета.uz» мухбири.
«Тегишли қонунчиликка ўзгартиш киритиш бўйича қонун лойиҳасини тайёрладик ҳамда вазирлик ва идораларга келишиш учун жўнатдик. [Лойиҳада] журналист фаолиятига ноқонуний аралашув бўйича жавобгарлик белгиланяпти. Мана шу жавобгарликни ким аниқлай олади, ким маъмурий баённомалар тузади, дастлабки тергов масалалари ва суриштирув ишларини қайси органга берамиз, холисликни таъминлаш мақсадида буни прокуратура органлари қилиши керакми, ички ишларми ёки бошқа органларми? Ҳозир биз берган таклифга кўра, бу ваколатларни ўзимизга (АОКА назарда тутилмоқда — таҳр.) олмоқчимиз. Ўйлаймизки, агар агентлик экспертлар билан биргаликда мана шу қонун лойиҳасида белгиланган вазифаларни амалга оширса, бу ҳам холисликни, ҳам шаффофликни таъминлайди», — деди АОКА директори.
Ходжаевга кўра, қонун лойиҳаси бўйича турли вазирлик ва идоралар ўз таклифини билдирган. «Биз уларнинг барчасига тегишли жавобларимизни тайёрлаб, айлантирдик. [Қонун лойиҳаси] кейинги парламентга, албатта, киритилади, бу узоқ вақтга чўзилмайди. Энг муҳими, бизда сиёсий қарор қабул қилинган», — деди у.
АОКА директори ўринбосари Дилшод Саиджоновнинг «Газета.uz» мухбирига айтишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга журналист фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартириш киритилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Бош прокуратура 2021 йилда жамоатчилик муҳокамасига қўйган Жиноят кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасида журналистнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган эди.
Кодекс лойиҳасининг 184-моддасида журналистнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш, яъни, уни бирор бир ахборотни тарқатишга ёки тарқатмасликка мажбурлаш мақсадида ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, журналистга ёхуд унинг яқин қариндошига зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши кўзда тутилганди.
Мазкур ҳаракатлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима ёки 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўрсатилганди. Аммо ушбу модда ва тартиб ушбу қонундан жой олгани йўқ.
2022−2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» лойиҳасида ҳам оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига ноқонуний аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик, шу жумладан, мансабдор шахслар томонидан цензура ўрнатиш, таҳририят ходимларига босим ва тазйиқ ўтказиш, материаллар ва техник воситаларни улардан ғайриқонуний равишда олиб қўйиш ҳаракатлари содир этилгани учун жавобгарлик янада кучайтирилиши белгиланган эди. Лекин бу борада ҳам ҳалигача бирор янгилик амалга оширилмади.