Сурхондарё вилояти Денов туманида Nexia-3 автомобили газ қувурига урилиши оқибатида авариявий ҳолат содир бўлди.
Энергетика вазирлиги хабарига кўра, ҳолат 18 октябрь куни тунда, соат 01:30 да тумандаги Оловуддин маҳалласида содир бўлган.
Ҳодиса оқибатида тумандаги 3950 та хонадон ва 20 та йирик истеъмолчи вақтинча газсиз қолди, дейилади Сурхондарё вилояти ҳокимлиги маълумотида.
Газ таъминоти филиали юзага келган ноқулайликлар учун барча истеъмолчилардан узр сўраган ва таъминотни тиклаш бўйича чоралар кўрилаётганини маълум қилган.
«Ҳудудгаз Сурхондарё» соат 09:34 да туманда жойлашган аҳоли истеъмолчилари ва автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларини табиий газ билан таъминлаш қайта тикланганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Сурхондарёнинг Музработ туманида 24 сентябрь куни Lacetti газ қувурига келиб урилиши оқибатида газ сизиб чиққан ва 915 та хонадон таъминотдан вақтинча узиб қўйилганди.
Ушбу носозликни бартараф қилиш учун ҳудудга махсус бригада жалб этилган ва авария оқибатлари 25 сентябрь куни тўлиқ бартараф қилинган. Истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш жараёни босқичма-босқич тикланган.