15 октябрь куни «Обод маҳалла» дастурига киритилган ва реконструкция ишлари кетаётган Тошкент шаҳри Олмазор тумани «Ҳастимом» маҳалласи Зарқайнар кўчасидаги уйлардан бири қулаб тушди. Бу ҳудуддаги биринчи ҳолат эмас: 2 октябрь куни ҳам мазкур уй яқинидаги бошқа бир хонадон қулаган.
«Газета.uz» мухбирлари Зарқайнар кўчасида бўлиб, аҳоли билан суҳбатлашди, ҳолат аслида нимадан келиб чиққани, қачон бошлангани ва фуқароларга қандай ёрдам кўрсатилаётганига аниқлик киритишга ҳаракат қилди, шунингдек, туман ҳокимлиги масъулига микрофон тутди.
Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, уйлар қулаб тушиши ва айримларининг хавфли даражага келиб қолиши июнь ойи охирида бошланган электр, газ ва бошқа коммуникацияларни ер остидан ўтказиш ишлари билан боғлиқ бўлиши мумкин («Газета.uz» мазкур жараёндан фоторепортаж тайёрлаганди).
«Пешин пайт эди. Онам ва отам таҳоратга чиққанларидан бир дақиқа ўтиб ағанади. Ўзим бошқа хонада эдим. Бахтимизга қулаган хонада ҳеч ким бўлмаган…Йўлни цементлаганларга айтаман, айнан, улар сабабчи шунга. Бу йўл шу ҳолатга келгунича кўчадан қанча-қанча катта машиналар ўтди… Менинг уйим шундай воқеа бўлган учинчи уй. Бошқа уйлар шундай ташлаб юбормайди, деб ўйлайсизми? Жавобгар, масъулиятни ҳис қиладиган инсонга беришса бўлмайдими шундай нарсаларни? Мана ҳамма жойни „мусор“ қилиб берди. Энди нима қилишим керак?», — деди қулаган хонадонда яшаган Сарвар Шахобов.
Яна бир фуқаро уйининг пойдевор қисми кўриниб қолгани ҳақида гапираркан, ёмғир мавсуми бошланиши билан девор остида сувлар тўпланиб қолаётганини айтди.
Ҳодисадан бир кун ўтиб Олмазор тумани ҳокимлиги бош юрист консулти Жафар Амоновнинг айтишича, қулаб тушган уй эгаларига туман ҳокимлиги ҳисобидан вақтинча яшаб туришлари учун ижарага уй олиб берилди. Тўловларини ҳокимли ўз зиммасига олади.
«Энди қулаб тушган уй майдонига тенг бўлган ҳудудда уларнинг уйларини қайта таъмирлаб берилиши кафолатланган. Бу 3−4 ой вақтни олади. Ўзи бу кўча XX асрнинг 60-йилларида қурилган. Маънан ва физик жиҳатдан эскиргани учун бу кўчада таъмирлаш ишлари олиб бориш учун танлаб олинган ва дастурга киритилган. Бу уйлар қачондир таъмирланиши керак эди. Табиийки, оғир техникалар ишлаши ва бир-бирига таъсир ўтказадиган ишлар бор. Ҳозир оддий машина ўтса ҳам ҳар битта уй зириллаяпти. Деярли 8−9 та уй шундай авария ҳолатига келиб қолган», — деди мутасадди.
Ҳолат ҳақида батафсил қуйидаги видеони томоша қилиш орқали билиб олишингиз мумкин: