Исроил мудофаа армияси (ЦАХАЛ) ҲАМАС етакчиси Яҳё Синвар Ғазода ўлдирилганини тасдиқлади. Исроил расмийлари уни 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумнинг асосий ташкилотчиси деб ҳисоблайди.

«Исроил мудофаа армияси ва Исроил Фуқаролик мудофаа агентлиги кеча (чоршанба), 2024 йил 16 октябрь куни Жанубий қўмондонлик аскарлари Ғазо секторининг жанубида ўтказилган операция чоғида ҲАМАС террористик ташкилоти етакчиси Яҳё Синварни ўлдирганини тасдиқлайди», — дейилади ЦАХАЛ баёнотида.

ЦАХАЛ маълумотларига кўра, сўнгги ҳафталарда Исроил ҳарбийлари Синвар ўлдирилган ҳудудда ўнлаб операциялар ўтказган, бу эса Синварнинг оператив ҳаракатини чеклаган. Баёнотда ЦАХАЛ аскарлари уч террорчини йўқ қилгани ва кейинчалик улардан бири Синвар бўлганини аниқлагани қайд этилган.

Синвар ҳақида нималар маълум?

Яҳё Синвар 1962 йилда Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнис қочқинлар лагерида туғилган. Унинг ота-онаси асли Ашкелондан бўлган, аммо «Накба»дан кейин қочқин бўлишган. «Накба» («Катастрофа») — 1948 йилда Исроил давлати ташкил этилганидан кейин бошланган уруш пайтида фаластинликларнинг ўз уйларидан оммавий кўчишини фаластинликлар шундай аташади. Синвар ҲАМАС ҳарбий бўлинмалари, шунингдек, ҳаракат хавфсизлиги аппаратининг асосчиларидан бири ҳисобланади.

1988 йилда Синвар исроилликлар томонидан ҳибсга олинган, ўшанда Исроил билан ҳамкорлик қилишда айбланган тўрт нафар фаластинликни ўлдиргани учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У Исроил қамоқхонасида 22 йилдан ортиқ вақтни ўтказди, бу орада у иброний тилини ва Исроил маданиятини ўрганди.

Синвар 2011 йилда исроиллик аскар Гилад Шалит эвазига озод қилинган 1027 нафар фаластинлик орасида бўлган. 2013 йилда у Ғазо секторидаги ҲАМАС сиёсий бюросига аъзо этиб сайланган, 2017 йилда эса унинг раҳбари бўлган.

2024 йил августида Синвар Исмоил Ҳания ўрнига ҲАМАС сиёсий бюросининг янги раҳбари бўлганди. Ҳания июль ойи охирида Эроннинг янги президенти инаугурацияси учун Теҳронга келганида ўлдирилганди.