Президенти Шавкат Мирзиёев 17 октябрь куни Ўзбекистонда амалий ташриф билан бўлиб турган Озарбайжон Ташқи разведка хизмати раҳбари Орхон Султоновни қабул қилди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.
Учрашувда Ўзбекистон-Озарбайжон иттифоқчилик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида янада чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар турли даражаларда фаол мулоқотлар ва самарали алмашинувлар давом этаётгани, ўзаро савдо ва инвестициялар кўрсаткичлари барқарор ўсаётгани, кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва жадаллаштириш, маданий-гуманитар тадбирларни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар кўрилаётганин қайд этиб ўтди.
Шунингдек, терроризм, экстремизм ва радикализм, кибержиноятчилик ҳамда хавфсизликка таҳдид солаётган бошқа замонавий хавфларга қарши курашиш бўйича махсус хизматларнинг яқин идоралараро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва самарали мувофиқлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, учрашувда Афғонистоннинг иқтисодий ривожланишига кўмаклашишга қаратилган амалий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.