АҚШ Исроилни 30 кун ичида Ғазо секторидаги гуманитар вазиятни яхшилаш учун чоралар кўрмаса, ҳарбий ёрдамни қисқартириш мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди, деб ёзмоқда New York Times ва Reuters.
Ўтган якшанба куни АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин ва давлат котиби Энтони Блинкеннинг Исроил мудофаа вазири Ёав Галант ва стратегик ишлар вазири Рон Дермерга йўллаган мактубида «кескин огоҳлантириш» янграган.
Мактубда Исроил кўриши керак бўлган чора-тадбирлар, жумладан, кунига камида 350 та гуманитар ёрдам юк машинасини ўтказиш, ёрдам етказиш учун жанговар ҳаракатларда танаффуслар киритиш ва фавқулодда зарурат бўлмаганда фаластинликларни эвакуация қилиш тўғрисида буйруқ бермасликни ўз ичига олади.
«Ушбу чора-тадбирларни амалга ошириш ва қўллаб-қувватлашга доимий содиқликни намойиш эта олмаслик АҚШ сиёсати… ва тегишли АҚШ қонунчилиги учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин», — дейилади мактубда.
Унда, хусусан, АҚШ ёрдамини етказиб беришга тўсқинлик қилаётган мамлакатларга ҳарбий ёрдам кўрсатишни тақиқловчи АҚШ қонунлари келтириб ўтилган.
Вашингтондаги номаълум исроиллик амалдор Reuters агентлигига мактуб қабул қилингани ва кўриб чиқилаётганини айтди. «Исроил бунга жиддий қарайди ва америкалик ҳамкасбларимиз билан ушбу мактубда кўтарилган масалаларни муҳокама қилиш ниятида», — деди у.
- Сўнгги ҳафталарда АҚШ ва БМТ расмийлари Ғазода, айниқса, анклав шимолида вазият ёмонлашаётгани ҳақида огоҳлантиришди. Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури маълумотларига кўра, октябрь ойи бошидан буён Ғазонинг шимолий қисмига озиқ-овқат етказиб берилмаган, 1 миллион киши очлик хавфи остида. 6 октябрь куни Исроил Ғазо шимолида ҲАМАС жангарилари қайта гуруҳланганини айтиб, қуруқликдаги операцияни давом эттирди.
- АҚШ бир неча бор Исроилни Ғазода ўт очишни тўхтатиш тўғрисида битим тузишга чақирди. Май ойи охирида президент Жо Байден гаровга олинганларни қайтариш, ўт очишни тўхтатиш ва Исроил қўшинларини босқичма-босқич олиб чиқишни ўз ичига олган уч босқичли тинчлик режасини тақдим этди. Июнь ойида БМТ Хавфсизлик Кенгаши АҚШ режаси бўйича Исроил ва ҲАМАС ўртасида сулҳ тўғрисидаги резолюцияни қўллаб-қувватлади, аммо томонлар келишувга эриша олмади. Шу билан бирга, Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ўз мамлакати ҲАМАС устидан тўлиқ ғалаба қозонмагунча жанг қилишини бир неча бор айтган. Сентябрь ойида Исроил Ливандаги «Ҳизбуллоҳ»га қарши ҳарбий операция бошлади.
- Исроил АҚШнинг ҳарбий ёрдамига жуда боғлиқ, чунки у бир вақтнинг ўзида бир нечта фронтларда уруш олиб бормоқда, деб тушунтиради Axios. Америка қонунчилигига кўра, АҚШ томонидан ҳарбий қўллаб-қувватланаётган ва фаол ҳарбий можарода бўлган давлатлар АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган гуманитар ёрдамнинг узлуксиз узатилишига рухсат бериши керак. Ушбу талабнинг бажарилмаслиги АҚШ ҳарбий ёрдамининг тўхтатилишига олиб келиши мумкин. Ўтган йилнинг март ойида Исроил ҳукумати Байден маъмуриятига ушбу шартларга риоя қилиш бўйича ёзма мажбурият юборган эди.