Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев БРИКСга қўшилиш таклифини олди, бироқ мамлакат «яқин келажакда» ташкилотга мурожаат қилишдан тийилади. Бу ҳақда Қозоғистон раҳбари матбуот котиби Берик Уали Tengrinews.kz`га берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, тегишли таклифлар Қосим-Жомарт Тоқаев томонидан «диққат билан кўриб чиқилмоқда» ва унинг топшириғига кўра «Қозоғистон миллий манфаатлари нуқтаи назаридан» таҳлил қилинмоқда.
«Шу билан бирга, ҳозирда ва, эҳтимол, яқин келажакда Қозоғистон, шу жумладан, аъзолик масаласини кўриб чиқишнинг кўп босқичли жараёни, шунингдек, ушбу ассоциациянинг ривожланиш истиқболлари билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳисобга олган ҳолда, БРИКСга ариза беришдан бош тортади», — деди Уали.
Тоқаев матбуот котибининг қайд этишича, Қозоғистон президенти «барча долзарб халқаро муаммолар, шу жумладан, адолатли дунё тартибини қуриш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилиниши мумкин бўлган ва муҳокама қилиниши лозим бўлган универсал ва муқобили бўлмаган ташкилот сифатида» БМТга устувор аҳамият қаратади.
Унинг қўшимча қилишича, Қозоғистон раҳбарининг сўзларига кўра, «БМТ камчиликлардан холи эмас, лекин бошқа бу каби ташкилот йўқ».
Шунингдек, Тоқаев матбуот котиби Қозоғистон президентининг 22−24 октябрь кунлари Қозон шаҳрида бўлиб ўтадиган БРИКС саммитида иштирок этиш режаларини тасдиқлади, у ташкилотнинг «аутрич» форматидаги кенгайтирилган йиғилишида нутқ сўзламоқчи.
- БРИКС — 2006 йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой томонидан ташкил этилган давлатлараро бирлашма. Иттифоқ бу мамлакатлар (Brazil, Russia, India, China) номларининг бош ҳарфлари бўйича номланган. 2010 йилда Жанубий Африка қўшилганидан сўнг, иттифоқ БРИКСга айланди.
- 2023 йил август ойида Қосим-Жомарт Тоқаев «БРИКС плюс» йиғилишида Қозоғистон «БРИКС салоҳиятини ривожлантиришга аъзо давлат сифатида ҳисса қўшишни хоҳлашини» айтиб, иттифоққа қўшилишдан манфаатдор эканини билдирганди.
- 2024 йил январь ойида Миср, Эрон, Саудия Арабистони, БАА ва Эфиопия ташкилотга қўшилган. Ўтган йилнинг август ойида Озарбайжон иттифоққа аъзо бўлиш учун ариза топширган.