Ўзбекистоннинг катта қисмида ҳафтанинг илк иш кунларида жуда ҳам кўп ёғингарчилик кузатилиши прогноз қилинмоқда. 16−17 октябрь тонгги муддатларида совуқ Сибир антициклонининг жануби-ғарбий чеккаси республиканинг катта қисми учун мавсумдаги илк ноль даражага яқин совуқ ҳаво ҳароратни улашади.
Манба: meteoinfo.ru
«Ўзгидромет» прогнозларига кўра, 14−15 октябрь кунлари республикада асосан, нам ҳаво, ҳарорат шу кунлар учун хос иқлимий меъёрдан паст кутилади. Жанубий вилоятларда ҳаво ҳарорати максимуми +22…+25 даража, шимолий ва бошқа вилоятларда эса +13…+18 даражагача кўтарилади. Тунда +8…+13 даража, шимол, Бухоро ва Навоий вилоятларида 0…+5 даражагача салқин ҳарорат кузатилади.
Қорақалпоғистоннинг Устюрт платосида ушбу кунлари ҳаво ҳарорати -2 даража совуққача пасаяди. Ушбу кунлари шимол ва жанубий вилоятлардан ташқари жойларда нам ҳаво оқимларидан яхшигина ёғингарчилик кутилади. Айниқса, Фарғона водий вилоятлари ҳамда Сирдарё, Тошкент, Жиззах вилоятларида вақти-вақти билан ёғингарчилик кутилади. Тоғларда эса ёғинлар кучли ёғиб ўтиши, баланд тоғларда қор бўронлари кузатилиши мумкин. Навоий-Бухоро вилояти ҳудудларида бироз ёғингарчилик бўлиши прогнозларда келтирилмоқда.
16 октябрь куни совуқ Сибир антициклон чеккаси республикага чуқурроқ таъсир этиб, жойларда кундуз ва кечки муддатларда ҳаво ҳароратини сезиларли даражада паст бўлишини таъминлайди. Ушбу куни фақат Фарғона водийси ва тоғларда ёғингарчилик кутилади. 17 октябрь куни антициклоннинг чекиниш босқичида республика ёғингарчиликсиз, қуруқ об-ҳаво таъсирида бўлади. Тонгги ҳароратларда сезиларли даражада совуқ ҳароратлар кузатилса-да, аҳоли кундуз куни заррин қуёш нурлари таъсирида ҳароратнинг аста-секин кўтарилиб бораётганини ўз танасида ҳис қила бошлайди. Ушбу кунлари жанубий вилоятларда ҳам тун ва тонгги муддатларда ҳарорат +4 даражагача, бошқа ҳудудларда 0…+3 даражагача пасаяди. Шимолда эса ҳаво ҳарорати минимумлари -2 даража совуққача пасаяди. Ушбу кунлари мавсум учун республиканинг асосий қишлоқ хўжалиги ер майдонларида кенг масштабда илк «совуқ уриш» ҳодисалари кузатилиши мумкин.
Фақат Фарғона водий вилоятларида 16 октябрь намлик ҳисобига тунда ҳам ҳаво ҳарорати +5…+10 даража атрофида бироз юқори бўлиши кутилмоқда. Синоптиклар 17 октябрь тонгида антициклон таъсирида водийда ҳам ҳарорат +3 даражагача пасайиб кетишини прогноз қилишди.
«Ўзгидромет»нинг узоқ муддатли об-ҳаво прогнозларига кўра, 18 октябрдан бошлаб республика ҳудудларига Туркманистон орқали яна илиқ ва қуруқ ҳаво массалари кириб келиши тахмин қилинган. Шу кундан республиканинг кўплаб вилоятларида ҳаво ҳарорати максимумлари +25 даражагача кўтарилиши маълум қилинган. Дам олиш кунлари ҳам жойларда ҳаво ҳарорати аста-секин юқорилаб боради. Масалан, 19 октябрь куни аввалига шимолда, кейинроқ 20 октябрда республиканинг катта қисмида кундуз кунлари ҳаво ҳарорати максимумлари +25… +30 даражагача, жанубда эса +32 даражагача кўтарилиши прогноз қилинган. Шу билан биргаликда ушбу кунлари тунги ҳароратлар ҳам аста-секин кўтарилиб боришини таъкидлаб ўтиш мумкин.
Қисқача айтганда, жорий нам ҳаво оқимлари Тошкент ва Фарғона водий вилоятлари ҳудудларига яхшигина ёғингарчиликни улашади. Жаҳон иқлим моделларига кўра, 14−20 октябрь оралиғида Тошкент ва водий вилоятларида умумий ёғингарчилик миқдори 10−100 мм гача ёғиб ўтиши мумкин экан.
Манба: GEFS иқлим модели
Нам ҳаво оқимлари кириб келиши кутилаётган 14−15 октябрь кунлари чўл ҳудудларида ва жанубий вилоятларда кучли шамоллар ва чанг-тўзон ҳодисалари кузатилиши мумкин.
Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири
Ҳафтанинг дастлабки иш кунларида республиканинг асосий аҳоли истиқомат қилувчи ҳудудлари аҳолиси ўзида циклонал омил ва серотонин гормон етишмаслиги билан боғлиқ қуёшсиз куз ҳавоси таъсирига тушадилар. Об-ҳаво ўзгаришларига мойил ва мазкур таъсирларга сезувчан аҳоли бундан олдинги материалда серотони ва циклонал таъсирни организмга салбий таъсирларини камайтиришда берилган тавсияларга амал қилишлари тавсия этилади.
Ҳафтанинг ўрталарига келиб, республиканинг катта қисми антициклонал таъсир остида бўлади. Ва бунда атмосфера босими жойларда 1027 гПача (нормал атмосфера босими 1013,2 гПа) кўтарилади.
Антициклонал омил таъсири
Юқори атмосфера босими инсон соғлиғига жиддий таъсир қилиши мумкин. Айниқса, у аллергик, асматик ҳамда қон босими хасталиклари билан оғриётган бўлса. Бундай кишилар ҳаводаги турли кўринмас майда заррачаларга агрессив бўлишади, аксига олиб, тинч об-ҳаво шароитида бу каби зaрралар ҳавода кўп муддат муаллақ сақланади. Давомли юқори босимли антициклон инсон танасида бош ва юрак оғриғи, иш фаолиятининг сустлаши, умумий заифлик билан намоён бўлади. Атмосфера босимининг кўтарилиши қондаги лейкоцитлар сонини камайтириш орқали организмнинг ҳимоя функцияларига салбий таъсир кўрсатади. Буларнинг барчаси инсон саломатлигини сезиларли даражада оғирлаштиради. Организмни турли юқумли касалликларга мойил қилиши мумкин.
Тавсиялар. Антициклон таъсирларга мойи кишилар унинг таъсирини енгиллаштириш учун эрталаб тетиклаштирувчи енгил душ қабул қилиш, енгил гимнастика билан шуғулланиш ҳамда овқатланиш рационига калий моддасига бой меваларни қўшиш ва истеъмол қилиш тавсия этилади. Инсоннинг иммун ва асаб тизимига юкни камайтириш, зўриқтирмаслик мақсадида, озгина маълум муддат кундалик иш режимини ҳам ўзгартириш лозим. Иложи бўлса, антициклоннинг салбий таъсирини камайтириш мақсадида, кўпроқ дам олган маъқул. Ўзбекистонда антициклон жараёнлари таъсири 1.5−2.5 суткагача, жуда ҳам кам ҳолатларда 3.5 суткагача давом этиши мумкин.
Биоиқлимий шароитлар
Ҳафтанинг илк иш кунлари (14−15 октябрь) республиканинг жанубий вилоятидан ташқари ҳудудларда сутканинг барча муддатлари учун енгил пахтали кийим кийиш тоифасига кўра, «совуқ» ва «жуда совуқ» биоиқлимий шароит ҳукмрон бўлади. Бунда ҳароратнинг +15…+17 даражалик ҳолатида ҳам кишилар юқори намлик ҳисобига қалинроқ кийим кийиб олишлари талаб этилади. Самарқанд,Тошкент, Жиззах, Сирдарё ва Фарғона водий вилоятлари аҳолиси ташқарида ҳаракатланганда, ёмғирдан ҳимояланиш мақсадида, ўзлари билан соябонлар олиб юришлари тавсия этилади.
16−17 октябрь кунлари (16 октябрь куни водий вилоятларидан ташқари) ҳудудларда кўм-кўк осмон фонида очиқ ҳаво ҳукмрон бўлса-да, сезилар сезилмас шамол омили танага реал ҳаво ҳароратини сезиларли даражада паст ҳароратлар каби ҳис қилинишига олиб келади. Бу кунлари қуёшнинг заррин нурларига ишониб, енгил кийиниб кўчага чиқиш тавсия этилмайди. Жума кунидан бошлаб эса антициклон минтақадан тўлиқ чекингач, кундуз кунлари яна аста комфорт иқлимий муҳит Ўзбекистонга яна қайтади. Дам олиш кунлари эса ҳатто кишилар кундузги муддатларда енгил кийимларни кийиб олишлари ҳам мумкин.
Космик таъсирлар
14 октябрь куни эрта тонг Қуёш доғларидан бирида М синфига мансуб ўртача хавфга эга Қуёш чақнаши қайд этилди. Ундан ажралган Қуёш массаси катта эҳтимол, 16 октябрь куни Ер магнитосферасига урилиши ва узоқ давомли бўлмаган 4−5 баллик магнит бўронларини келтириб чиқариши прогноз қилинмоқда. Ҳафтанинг илк иш кунлари учун эса ушбу омил билан боғлиқ сокин вазият кузатилиши тахмин қилинмоқда.
Манба: xras.ru
Қуёш ўзининг ҳар 11 йиллик 25-циклик фаоллашиш даврининг ўта юқори босқичида эканлиги, тўсатдан Қуёш доғларида яна М ёки Х синфга мансуб кучли чақнашлар содир бўлиш хавфи юқорилигача сақланиб турибди. Агарда, душанба ёки сешанба кунлари Қуёш фотосферасида яна кучли чақнаш юз берса, сайёрамизда ҳафта ўрталаридан магнит бўронлари хавфи ортиши мумкин. Чунки, Қуёшда чақнаш кузатиладиган доғлар айни Қуёшнинг сайёрамизга қараб турган ҳудудларида жойлашган.
Ҳозирги кунда магнит бўронларини прогноз қилишнинг 2 кундан ортиқ кунлар учун ишончли прогноз қиладиган маҳсулотлари дунёда мавжуд эмас. Ва шунинг учун айни ҳозирги давр учун келаётган икки кунлик учун магнит бўрони прогноз маълумотларига таяниб, режалар тузиш лозим.
Тавсиялар. Магнит бўронига таъсирчан аҳоли қатлами бўрон вақти жисмоний зўриқишлардан қочиши, кўпроқ дам олиши, ортиқча овқатланмаслиги, спиртли ичимликлар ичишдан тийилиши мақсадга мувофиқдир. Шифокорлар бундай пайтда кўпроқ сув истеъмол қилишни ҳам тавсия этади.
Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши
Юқорида айти ўтилганидек, антициклонал тинч об-ҳаво муҳитида атмосферада майда заррачаларнинг қисқа муддат муаллақ туриб қолиши, кишиларда аллергик касалликларни келтириб чиқаради. Бу давр республикада 16−17 октябрь кунлари кузатилишини инобатга олсак, айнан шу кунлари қуёш чиқиши ва ботишидан сўнг атмосферада инверсия ҳодисаси сабаб, ҳавода хиралик ортиши мумкин.
Бунда ҳаво ифлосланишини мониторинг қилувчи датчиклар ҳам шу хиралик ҳисобига ҳаво ифлосалинишининг юқори даражаларини қайд этади. Кейинги ҳаво ифлосланиш муҳити эса ҳафтанинг дам олиш кунларига тўғри келиб, ҳароратнинг кўтарилиши, пастдан юқорига тортувчи куч ҳисобига кундуз кунлари ҳавода майда дисперс заррачалари ортишига олиб келиши мумкин.
Чўл ҳудудлар ва жанубий вилоятларда эса ҳафта бошларида фронтолди шамоллари чанг тўзонларни келтириб чиқариши ва ҳавода айнан чанг омили ҳисобига кучли ифлосланиш юз бериши мумкин. Бундай пайтда қандай ҳаракат қилиш лозимлиги борасида Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тавсиялар тайёрлаган.
Хуллас, ҳафтанинг об-ҳавонинг турли таъсирларидан қулай кун бу жума кунига тўғри келиб, кўпчилик об-ҳаво ўзгаришларига мойил кишилар ҳам шу куни ўз танасида анча енгилликларни ҳис қилади.