Шавкат Мирзиёев 7−8 октябрь кунлари амалий ташриф билан Москвага боради. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Президент МДҲ давлатлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси тадбирларида иштирок этади.
Россия ҳозирда МДҲда раислик қилмоқда. Саммитда раислик Тожикистонга ўтказилади.
МДҲ Ижроия қўмитасига кўра, 8 октябрь куни бўлиб ўтадиган саммитда Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорлик, 1941−1945 йиллардаги урушдаги Ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан МДҲ мамлакатлари халқларига ва жаҳон жамоатчилигига мурожаат, МДҲ Парламентлараро ассамблеясининг интеграцион ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги фаолияти ва бошқа масалалар муҳокама қилинади.
Давлат раҳбарлари келгуси уч йил учун Ҳамдўстликнинг маданий пойтахтларини белгилаш тўғрисидаги қарорларни имзолайди, ҳуқуқий соҳадаги ҳамкорлик ва хавфсизликни таъминлаш масалаларига оид бир қатор ҳужжатларга ўзгартишлар киритади.