4 сентябрь куни Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларининг 7-кунида Сервер Ибрагимов пара ўқ отиш бўйича аралаш дастурда кумуш медални қўлга киритди.
У финал баҳсида 50 метр масофага кичик калибрли тўппончадан отиш бўйича 215,3 очко жамғарди. Биринчи ўрин Хитой, учинчи ўрин эса Италия жамоаси аъзосига насиб этди.
Спортчи 30 август куни 10 метр масофага тўппончадан отиш бўйича финалда қатнашиб, 132.1 очко жамғарган ҳолда 7-ўринни эгаллаганди.
Сервер Ибрагимов 1978 йил 28 ноябрда туғилган. 2014 йилдан буён пара ўқ отиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ҳисобланади. Мусобақаларда Ш-1 классида иштирок этади. Рио-2016 ёзги Паралимпия ўйинларида бронза медални қўлга киритган.
2022 йил Парижда бўлиб ўтган Жаҳон кубогида 10 метр ва 50 метр масофага тўппончадан отиш бўйича Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинлари лицензиясини қўлга киритган. «Жасорат» медали соҳиби. Мураббийи Наталия Ефимова.
Маълумоту учун, Ўзбекистон 4 сентябрь соат 16:10 ҳолатига кўра, медаллар ҳисоби бўйича 11 ўринда турибди. Жамоада 6 та олтин, 5 та кумуш ва 4 та бронза бор.