«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун мазкур эркинликнинг конституциявий кафолатлари нуқтаи назаридан янгиланган Конституцияга мувофиқлаштирилди. Ўзгартиришни Шавкат Мирзиёев 29 август куни имзолади. Ҳужжат 5 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган ва 18 майда Сенат томонидан маъқулланганди.

Қонунга Ўзбекистон ҳудудида давлат рўйхатидан ўтказилган ҳудуддан қатъи назар, тадбиркорлик субъектларининг товарлари, хизматлари, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларининг эркин ҳаракатланишини кафолатловчи норма киритилди.

«Тадбиркорлик субъектларининг ҳудудий принцип бўйича товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларининг эркин ҳаракатланишини чеклаш, тўхтатиб туриш ва тақиқлашга йўл қўйилмайд», — дейилади янгиланган қонунда.

Конституциянинг 67-моддасига кўра, «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иқтисодий макон бирлиги, товарлар, хизматлар, меҳнат ресурслари ва молиявий маблағларнинг эркин ҳаракатланиши кафолатланади».

Аввалроқ Ўзбекистон ичида бир ҳудуддан бошқасига маҳсулот олиб чиқишни чеклаш ҳолатлари бир неча бор қайд этилганди.