«Ташаббусли бюджет»нинг 2024-йилги 2-мавсумида республика бўйича овоз йиғишга мажбурлаш ҳолатлари юзасидан 39 та шикоят келиб тушди, деб хабар берди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги.
Бунда энг кўп мурожаат Фарғона (7 та), Наманган ва Жиззах вилоятлари (5 тадан), шунингдек, Тошкент шаҳридан (6 та) келган.
Соҳалар кесимида шикоятлар:
- умумтаълим мактаблари бўйича — 19 та;
- тиббиёт ташкилотлари бўйича — 16 тани ташкил этган.
Келиб тушган барча мурожаатлар кўриб чиқиш учун тегишли туман (шаҳар) халқ депутатлари кенгашларига юборилади ҳамда ҳолат ўз тасдиғини топса, мазкур лойиҳалар овоз бериш босқичидан четлатилади ёки ғолиблар рўйхатидан чиқарилади.
Вазирлик жараёнда бюджет ташкилотлари ходимларини овоз йиғишга мажбурлаш ҳолатлари тўғрисида Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 1282 ишонч телефонига хабар беришни сўради.
Эслатиб ўтамиз, 22 август куни «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг 2024 йил 2-мавсумидаги лойиҳаларга овоз бериш бошланди. Жараён 31 август соат 23:59 га қадар давом этади. Лойиҳалар учун 2 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.