27 август куни Тошкент метрополитени «Чилонзор» йўлининг «Ўзгариш» бекатида ёнғин юзага келди, деб хабар беради метрополитен матбуот хизмати.
Соат 19:28 лар атрофида «Ўзгариш» бекатининг контакт рельсидаги мавжуд қурилмалардан бирида қисқа туташув юз берган ва оқибатда ёнғин чиққан.
Носозлик машинист ҳамда бекатдаги метрополитен ҳодимлари томонидан ўчирилган. Бу вақт давомида поезд ичидаги йўловчилар бекатга туширилган ва 4 дақиқадан сўнг поезд ҳаракати қайта тикланган.
Хабарда айтилишича, ёнғинда ҳеч кимга жароҳат етмаган.
Метрополитен йўналишда поездлар ҳаракати белгиланган жадвал бўйича ҳаракатланаётганини айтди ва ноқулайлик учун йўловчилардан узр сўради.