Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳридаги «Оқ қуш» мажмуасида жойлашган «Қорақалпоқ ўтови» Гиннеснинг рекордлар китобига энг катта диаметрли ўтов сифатида киритилди (40,5 метр). Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризмни ривожлантириш қўмитаси маълум қилди.
22 август куни Гиннеснинг рекордлар китоби вакиллари томонидан сертификат топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Ўринбоев, президентнинг Оролбўйи минтақасини барқарор ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Турсинхон Худайбергенов ва бошқалар иштирок этди. Баландлиги 22 метр бўлган иншоот Orol Agro компанияси томонидан барпо этилган.
20 август куни Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан йиллик мулоқоти ана шу ўтовда бўлиб ўтди. Бу ерда турли маданий тадбирлар, форумлар ўтказиш режалаштирилган.
Учрашувдан сўнг давлат раҳбари 50 гектар майдонни эгаллаган мазкур мажмуада ташкил этилган ўтовлар кўргазмасини бориб кўрди. Мажмуада қорақалпоқ, қозоқ, туркман, қирғиз, бошқирд каби туркий халқларнинг ҳамда Қорақалпоғистон туманларининг ўтовлари ташкил этилган.