16 август куни Кураш федерациясининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференцияси ўтказилди, дея хабар бермоқда Спорт вазирлиги матбуот хизмати.
Тадбирда бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев делегатларнинг овоз бериши натижасида янги 5 йиллик муддатга мамлакат кураш федерацияси раислигига қайта сайланди. У мазкур лавозимга 2019 йилнинг октябрида киришганди.
Ниғматилла Йўлдошев 1962 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Тошкент давлат юридик институтини (ҳозирда университет) тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини Олмалиқ шаҳри прокуратурасида стажёр сифатида бошлаган, прокуратура органларида катта терговчи, бошқарма прокурори, бўлим бошлиғи, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент бошлиғи ва бош прокурор ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Йўлдошев 2011 йилдан адлия вазири бўлиб ишлаган, 2015 йилда Сенат раиси этиб сайланган. 2019 йилнинг июнь ойида президент фармони асосида собиқ бош прокурор Отабек Муродов лавозимидан озод этилгани ортидан унинг ўрнини эгаллаган
2024 йилнинг июнь ойида эса Ниғматилла Йўлдошев бош прокурор лавозимига қайта тайинлангани эълон қилинган. Янги таҳрирдаги Конституцияга кўра, бош прокурорнинг ваколат муддати — 5 йил. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикасининг бош прокурори лавозимини эгаллаши мумкин эмас.