15 август куни Шавкат Мирзиёевнинг Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.
Қайд этилишча, унда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва Россия президентлари 26−28 май кунлари Россия президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувлар ижросининг боришини муҳокама қилди, дейилади хабарда.
Суҳбатда, шунингдек, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, икки мамлакат етакчи корхоналари ва ҳудудлари ўртасидаги кооперация алоқаларини ривожлантириш, қўшма инвестиция лойиҳалари ва гуманитар дастурларни амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирилган чоралар кўриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди.
«Турли соҳалардаги жадал ривожланаётган икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим масалаларига тўхталиб ўтилди. Халқаро ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалалари, жумладан, Россиянинг БРИКС ташкилотига амалдаги раислигини ҳисобга олган ҳолда муҳокама қилинди», — дейди президентларнинг мулоқоти ҳақида хабар берган Кремль.
«Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги иттифоқчилик ва стратегик шериклик муносабатларини бундан буён ҳам изчил мустаҳкамлашга икки томоннинг интилиши қатъий экани тасдиқланди», — деб қўшимча қилди Россия президенти матбуот хизмати.