12 август куни Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги сув ҳавзаларининг бирида 18 ёшли йигит ток уриши оқибатда вафот этди. Бу ҳақда MY5 телеканалининг «Марказий студия» кўрсатувида хабар берилди.

Қайд этилишича, марҳум асли косонлик бўлиб, Қарши шаҳри ижарада яшаб келган. Ўша куни у тушдан сўнг яқинлари билан Қарши тумани Бешкент шаҳридаги сузиш ҳавзасига борган. Йигит чўмилиш пайтида ҳавзадан чиқиб, нам ҳолатда ток узатиш мосламаси ёнига борган ва уни шу ерда ток урган.

«Чўмилиш жараёни бўлган, орадан анча вақт ўтган. Бола усти намлигида телефон қувватлагич [розеткаси] устига оёғини қўйган. Қисман ток урган, деб тахмин қиляпмиз. Ҳозир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан экспертиза жараёнлари олиб борилмоқда. Шундан кейин ҳаммасига аниқлик киритилади», — деди сув ҳавзаси вакили Нуриддин Пирназаров.

Қарши туман тиббиёт бирлашмаси шифокори Икром Ҳайитовнинг айтишича, унинг тез тиббий ёрдамдаги ҳамкасби ўша ерда бемор юрагини ёпиқ массаж қилган, сунъий нафас берган. Бироқ ундаги клиник ўлим биологик ўлимга айланган. Йигит шифохонага олиб борилганида тириклик белгилари топилмаган.

Айни пайтда ҳолат юзасидан суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган, терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Очилганига 2 ой бўлган сузиш ҳавзаси фаолияти эса вақтинча тўхтатилган, дейилади хабарда.